Хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар энди муаммога дуч келса, «Онлайн маҳалла» платформаси орқали мурожаат қолдириши мумкин. Зарур ҳолларда элчининг ўзи фуқаро олдига бориб, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва муаммосига ечим топиш билан шуғулланади.
Президент Шавкат Мирзиёев хорижда меҳнат қилаётган юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлатнинг доимий вазифаси эканини таъкидлади.
Давлат раҳбари хорижда ишлаётган фуқароларни оиласи ризқи ва фарзандлари келажаги учун меҳнат қилаётган ҳақиқий мард инсонлар деб атади.
«Чет элда ишлаётган ҳар бир юртдошимиз — оиласининг ризқи, фарзандлари келажаги учун тинимсиз меҳнат қилаётган ҳақиқий мард инсонлар. Улар ҳам бизнинг фуқароларимиз, бизнинг фарзандларимиз!» — деди Президент.
Янги механизмга кўра, хорижда муаммога дуч келган ватандошларимиз «Онлайн маҳалла» платформаси орқали хабар қолдириши мумкин. Зарур ҳолларда Ўзбекистоннинг хориждаги элчиси фуқаронинг олдига бориб, унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва муаммосини ҳал этиш чораларини кўради.
«Чет элда меҳнат қилаётган бирорта юртдошимиз ўз муаммоси билан ёлғиз қолмаслиги керак», — дея таъкидлади давлат раҳбари.
Шунингдек, ҳокимлар зиммасига хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг оиласи ва ота-онаси фаровон яшаши, фарзандлари сифатли таълим олиши учун шароит яратиш вазифаси қўйилди.
Президент таъкидлаганидек, ҳар бир юртдошимиз қаерда бўлишидан қатъи назар, ортида уни қўллаб-қувватлайдиган Ватани борлигини ҳис қилиб яшаши керак.
Эндиликда муҳим масала — «Онлайн маҳалла» орқали келиб тушган мурожаатлар қанчалик тезкор кўриб чиқилиши ва хориждаги фуқаролар муаммолари амалда қандай ҳал этилишида.




