Самарқанд вилоятидан Эффецт.узъга етиб келган ҳужжатлар «Келажак» марказлари фаолияти бўйича жавоб талаб қиладиган бир қатор саволларни ўртага чиқармоқда. Бир томонда — ота-оналар бадалидан тушган маблағларнинг 10 фоизини Республика «Келажак» маркази жамғармасига ўтказиш талаби. Иккинчи томонда эса — 2025-йил декабрида 48 мингдан ортиқ бўлган ўқувчилар қамровининг 2026-йил сентябрига келиб 18,7 минг нафарга тушиб кетгани. Энг муҳими, 10 фоизлик ҳисоб-китоб 2025-йил 1-октябрдан бошлангани кўрсатилган. Бу эса «Келажак» марказларининг ҳуқуқий ва молиявий фаолияти қачондан бошлангани ҳақида жиддий савол туғдиради.
Мактабдан ташқари таълим тизимида «Келажак» марказларини ташкил этиш ғояси болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни тўгаракларга кенг жалб қилиш ва тизимни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида илгари сурилган, лекин марказ амалда қандай натижа кўрсатди? Бу бўйича марказ директори Индира Холдорова жамоатчиликка ҳисобот бера оладими?
2025-йил 8-сентябрда қабул қилинган Президентнинг ПҚ-277-сон қарорида «Баркамол авлод» болалар мактаблари негизида тегишли ҳудудий ва туман-шаҳар «Келажак» марказларини ташкил этиш назарда тутилган. Шу қарорда «Келажак» марказларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш манбалари қаторида марказларга ота-оналар бадали тўловларидан тушган маблағларнинг 10 фоизи ҳам белгиланган.
Демак, 10 фоизлик ажратманинг ўзи қонунчиликда назарда тутилган. Аммо масаланинг энг муҳим нуқтаси бу эмас.
Гап — ушбу 10 фоиз қайси даврдаги ва қайси ташкилотга тушган маблағларга нисбатан ҳисоблангани ҳақида.
2025-йил 1-октябрдан бошланган 10 фоизлик ҳисоб-китоб
Самарқанд вилоятидаги «Келажак» марказларига юборилган хатда 2025-йил 1-октябрдан 2026-йил 1-мартгача бўлган даврда ота-оналар бадалидан тушган маблағлар ҳақида маълумот бериш сўралган.

Хатга илова қилинган жадвалда Самарқанд вилояти бўйича мазкур даврда ота-оналар бадалидан тушган маблағларнинг умумий миқдори:
21 миллиард 305 миллион 36 минг 322 сўм деб кўрсатилган.
Шундан 10 фоизи:
2 миллиард 130 миллион 503 минг 632 сўм атрофида.
Яъни Республика «Келажак» маркази ҳузуридаги жамғармага қарийб 2,13 миллиард сўм ўтказилиши керак. Бу ерда эътиборли жиҳат — хатда ҳисоб-китоб даври 2025-йил 1-октябрдан бошланган.

Ҳолбуки, «Келажак» марказлари фаолиятини тартибга солувчи асосий механизмлар кейинчалик, жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 10-декабрдаги 776-сон қарори билан батафсил тартибга солинган. Ушбу қарорда «Келажак» марказлари «Баркамол авлод» болалар мактаблари негизида ташкил этилиши, марказларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва марказлардаги ота-оналар тўловларидан фойдаланиш тартиби тасдиқланган. Шунингдек, ота-оналар тўловининг белгиланган миқдорлари 2026-йил 1-январдан амалга киритилган.

Шу нуқтада табиий савол пайдо бўлади:
2025-йил 1-октябрдан 31-декабргача бўлган даврда ота-оналар бадалидан тушган маблағларнинг ҳуқуқий мақоми қандай бўлган?
Агар ушбу маблағлар ўша даврда «Баркамол авлод» болалар мактаблари фаолияти доирасида шаклланган бўлса, уларни кейинчалик «Келажак» марказларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига 10 фоиз сифатида ўтказишнинг аниқ ҳуқуқий асоси нимадан иборат?
Бу саволга жавоб берилиши керак.
Рақамлар эса янада жиддий саволларни ўртага чиқармоқда
Самарқанд вилояти «Келажак» марказининг 2026-йил сентябр ҳолатига тайёрланган асосий кўрсаткичлар жадвалида ўқувчилар қамрови бўйича 2025 ва 2026-йиллар таққосланган.
Унда:
2025-йил декабр — 48 134 нафар;
2026-йил январ — 37 750 нафар;
2026-йил сентябр — 18 702 нафар.
Демак, 2025-йил декабридан 2026-йил сентябригача Самарқанд вилоятидаги «Келажак» марказлари қамрови 29 432 нафарга камайган. Фоиз ҳисобида бу тахминан 61,1 фоизлик пасайиш дегани.

Яна бир рақам диққатни тортади: 2026-йил январининг ўзида қамров 37 750 нафарга тушган. Яъни бир ой ичида 10 384 нафарлик камайиш қайд этилган. Сентябрга келиб эса рақам янада қисқарган.
Айрим ҳудудлардаги фарқ эса жуда катта
Масалан:
Самарқанд шаҳри — 5 170 нафардан 582 нафарга;
Ургут тумани — 4 360 нафардан 940 нафарга;
Пастдарғом тумани — 4 120 нафардан 1 362 нафарга;
Пастача тумани — 3 040 нафардан 620 нафарга;
Иштихон тумани — 2 270 нафардан 600 нафарга;
Каттақўрғон тумани — 3 800 нафардан 1 830 нафарга;
Нарпай тумани — 3 300 нафардан 1 424 нафарга тушган.
Бу рақамлар, агар икки давр статистикаси бир хил ҳисоблаш методикаси асосида шакллантирилган бўлса, алоҳида тушунтиришни талаб қилади.

Нега янги тизимга ўтиш жараёнида қамров айрим ҳудудларда икки-уч бараварга қисқарди?
Бунинг сабаби нимада?
Ўқувчилар ҳақиқатан ҳам тўгаракларни тарк этдими?
Ота-оналар бадали миқдори ошгани таъсир қилдими?
Ташкилотлар қайта рўйхатдан ўтказилдими?
Ёки 2025 ва 2026-йил статистикасини ҳисоблаш методикаси ўзгардими?
Агар методика ўзгарган бўлса, бу ҳам очиқ тушунтирилиши керак. Қизиғи, бу ҳали республика эмас — фақат Самарқанд
Энг муҳим жиҳат шундаки, биз ҳозирча фақат бир вилоят рақамларини кўриб чиқяпмиз. Самарқанд вилоятининг ўзида 2025-йил декабрида 48 мингдан ортиқ бўлган қамров 2026-йил сентябрига келиб 18,7 минг нафарга тушган.
Энди республика бўйича худди шу маълумотлар — Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар кесимида таққосланса, қандай манзара пайдо бўлиши қизиқ.
Агар республика миқёсида ҳам шундай тенденсия мавжуд бўлса, бу оддий статистик ўзгариш эмас, балки «Келажак» марказларига ўтиш жараёнининг самарадорлиги бўйича жиддий таҳлилни талаб қилади.
Зеро, Президент қарорида тизимнинг асосий мақсадларидан бири болаларни мактабдан ташқари таълимга кенгроқ жалб этиш экани белгиланган. Қарорда ўқувчиларнинг мактабдан ташқари таълим муассасаларига жалб этилганлиги бўйича маълумотлар базасини тизимли шакллантириш ва юритиш ҳам назарда тутилган.
Шундай экан, янги тизимга ўтилганидан кейин қамровнинг кескин пасайиши жамоатчиликка тушунтирилиши керак бўлган масала.

Яна бир савол: пул бор, аммо натижа?
776-сон қарор билан «Келажак» марказларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган ва ота-оналар тўловидан тушган маблағларнинг 10 фоизи ушбу жамғармага йўналтирилиши белгиланган. Жамғарма маблағлари марказларнинг моддий-техника базасини янгилаш, биноларни қуриш ва таъмирлаш, жиҳозлар, компютерлар ва бошқа зарур воситалар билан таъминлаш каби мақсадларга сарфланиши назарда тутилган.
Бу ерда ҳам жамоатчилик учун очиқ бўлиши керак бўлган саволлар бор:
2026-йил давомида жамғармага қанча маблағ тушди?
Уларнинг қанчаси ҳудудларга қайтарилди?
Қайси марказларга қанча маблағ ажратилди?
Қайси жиҳозлар харид қилинди?
Қайси бинолар таъмирланди?
Ушбу маблағларнинг самарадорлиги ким томонидан назорат қилинмоқда?
Чунки ота-оналардан йиғилаётган маблағ — шунчаки кичкина эмас. Бу боласининг таълими учун тўлов қилаётган оиланинг пули. Шунинг учун ҳар бир сўмнинг қаерга кетгани очиқ бўлиши жамоатчиликнинг қонуний талаби.
Ходимлар масаласи ҳам очиқ қолмоқда
Масала фақат ота-оналар тўловида эмас. Мавжуд маълумотларга кўра, «Баркамол авлод» болалар мактабларида ишлаб келган ходимларнинг иш ҳақи 2026-йил январидан «Келажак» марказлари бўйича ҳисобланган.
Агар бу маълумот расмий буйруқлар, штат жадвали, тарификация ва иш ҳақи ҳисоб-китоблари билан тасдиқланса, яна бир муҳим савол:
Агар «Келажак» марказлари бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш 2026-йил январидан бошланган бўлса, нима учун ушбу марказлар жамғармаси учун ота-оналар бадалидан тушган маблағлар 2025-йил 1-октябрдан ҳисобланган?
Бу ерда бир хил ёндашув бўлиши керак:
даромад қайси санадан бошлаб «Келажак»ники ҳисобланган бўлса, харажат ва мажбуриятларнинг ҳуқуқий мақоми ҳам худди шу давр билан уйғун бўлиши керак эмасми?
Албатта, бунинг аниқ жавобини молиявий ва ҳуқуқий ҳужжатлар белгилайди.
Энг катта савол — «Келажак» марказлари нимани ўзгартирди?
Янги тизимдан кутилган натижа нима эди? Кўпроқ бола қамрови. Сифатли тўгараклар. Замонавий жиҳозлар. Малакали мутахассислар. Ота-оналар учун шаффоф ва тушунарли тўлов тизими. Молиявий маблағларнинг очиқ ва мақсадли сарфланиши. Аммо ҳозирча Самарқанд мисолида жамоатчилик олдида бошқа рақамлар турибди:
48 134 нафар ўқувчи — 18 702 нафар ўқувчи.
21,3 миллиард сўм — ота-оналар бадалидан тушган маблағ.
2,13 миллиард сўм — 10 фоизлик жамғарма ажратмаси.
Ва энг муҳими:
10 фоизлик ҳисоб-китоб 2025-йил 1-октябрдан бошланган.
Мана шу рақамларнинг ҳар бири ўз изоҳини талаб қилади.
Республика «Келажак» маркази жавоб бериши керак бўлган саволлар
Шу муносабат билан Республика «Келажак» маркази раҳбарияти Индира Холдоровадан қуйидаги саволларга аниқ ва ҳужжатли жавоб олиш муҳим:
2025-йил 1-октябрдан 31-декабргача ота-оналар бадалидан тушган маблағларнинг ҳуқуқий мақоми қандай бўлган?
Нима асосда 2025-йил 1-октябрдан бошлаб ушбу маблағларнинг 10 фоизи «Келажак» марказларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси учун ҳисобланган?
Самарқанд вилояти бўйича ҳисобланган 2,13 миллиард сўм маблағ амалда жамғармага ўтказилганми?
2025-йил октябр–декабр ойларида тушган маблағлар қайси юридик шахснинг ҳисобварағига келиб тушган?
2026-йил январидан «Келажак» марказлари бўйича иш ҳақи ҳисобланган ходимларнинг 2025-йил октябр–декабр ойларидаги меҳнат фаолияти қайси ташкилот штати ва қайси молиялаштириш манбаси ҳисобидан амалга оширилган?
Нега Самарқанд вилоятида ўқувчилар қамрови 2025-йил декабридаги 48 134 нафардан 2026-йил сентябрида 18 702 нафарга тушиб кетган?
Қамровнинг 61 фоиздан ортиқ пасайишига нима сабаб бўлган?
2025 ва 2026-йилларда ўқувчиларни ҳисоблаш методикаси бир хил бўлганми?
Республика бўйича 2025-йил декабр ва 2026-йил сентябр ҳолатидаги умумий қамров қанча?
2026-йил давомида «Келажак» марказларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига республика миқёсида қанча маблағ тушган ва ушбу маблағларнинг қанчаси қандай мақсадларга сарфланган?
Бу саволлар жавобсиз қолмаслиги керак. Чунки. гап шунчаки бир ташкилотнинг ички ҳисоб-китоби ҳақида эмас. Гап — болаларнинг мактабдан ташқари таълими, ота-оналарнинг маблағи ва давлат томонидан яратилган янги тизимнинг амалда қандай ишлаётгани ҳақида.
«Келажак» марказлари ҳақиқатан ҳам болалар учун янги имкониятлар эшигини очдими?

Ёки тизим ўзгарди, номлар ўзгарди, молиявий механизмлар ўзгарди-ю, аммо натижа кутилганидек бўлмадими? Ҳозирча Самарқанд вилоятидан келаётган рақамлар бу саволларга ижобий жавоб бермаяпти.
Аксинча, янада кўпроқ савол туғдирмоқда.
Энди навбат — Республика «Келажак» маркази директори Индира Холдорова, Таълим ва илм-фан вазирлиги – Эркин Турдимовда.
Жамоатчиликка рақамлар эмас, рақамларнинг ортида турган ҳақиқий манзара тушунтирилиши керак.





