Ўзбекистон делегациясининг АҚШга ташрифи доирасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг инглиз тилида нашр этилган «Янги Ўзбекистоннинг “яшил” тараққиёт йўли» китоби Гарвард университети кутубхонасига тақдим этилди.
Шунингдек, делегация томонидан «Шавкат Мирзиёев — жаҳон миқёсидаги давлат ва сиёсат арбоби», «Мустақиллик зафарномаси» ҳамда «Янги Ўзбекистон: тинчлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик диёри» китоб-албомлари ҳам топширилган.

Ташрифда Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Барқарор ривожланиш маркази, Тошкент шаҳар хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш маркази ва Халқаро Бусинесс Дипломат миссияси вакиллари иштирок этган.

Гарвард университетининг ноёб китоблар ва қўлёзмаларга ихтисослашган Хоутон кутубхонаси вакили Кристина Жейкобсоннинг таъкидлашича, мазкур нашрлар халқаро илмий муҳитда Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларни кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.
Нашрларнинг Гарвард кутубхонаси фондига киритилиши Ўзбекистоннинг замонавий тараққиёт йўли, тарихи ва давлат сиёсатига оид манбаларнинг халқаро академик муҳитда тақдим этилиши нуқтайи назаридан аҳамиятли.




