Сиёсат

«Келажак» марказлари: Ота-оналар фарзандлари келажагини нега “Келажак”ка ишонмаяпти?

Akmal Eshonxonov74 кўришлар
«Келажак» марказлари: Ота-оналар фарзандлари келажагини нега “Келажак”ка ишонмаяпти?

«Келажак» марказлари атрофидаги саволлар тобора кўпаймоқда. Аввалги материалларимизда ота-оналар бадалидан шаклланадиган маблағлар, уларнинг 10 фоизини Республика «Келажак» маркази жамғармасига йўналтириш масаласи ҳамда Самарқанд вилоятидаги молиявий ҳисоб-китоблар ҳақида саволлар кўтарган эдик. Кейин эса «Баркамол авлод» тизимидан «Келажак» марказларига ўтиш жараёнида ходимлар ва директорлар билан боғлиқ жамоавий мурожаатда келтирилган даъволарни ҳам жамоатчилик эътиборига ҳавола қилдик.

Энди эса масаланинг яна бир муҳим жиҳатига эътибор қаратишга тўғри келмоқда. Бу сафар гап пулнинг қаерга йўналтирилгани эмас, натижа қандай баҳоланаётгани ҳақида.

Чунки расмий статистикада 2025-йил сентябр ойи билан 2026-йил сентябр ойи кўрсаткичлари таққосланганда, республика бўйича тўгаракларга жалб қилинган ўқувчилар сони 365 486 нафардан 155 567 нафарга тушган. Яъни бир йилда 209 919 нафар ўқувчига ёки 57,4 фоизга камайиш қайд этилган. Ахир, бу оддий рақамлар эмас.

Айниқса, янги тизимнинг асосий вазифаларидан бири болаларни қўшимча таълимга кенг жалб қилиш эканини ҳисобга олсак, бундай кескин ўзгаришнинг сабаблари жиддий ўрганилиши керак.

Аммо бу ерда яна бир савол пайдо бўлади:

Болалар қамрови шунча кескин камайган бир пайтда «Келажак» марказлари раҳбарларининг фаолияти қандай баҳоланган?


Холдорова раҳбар бўлгач, кўрсаткичлар пасайдими: Аниқ сабаб борми?

Республика «Келажак» маркази директори лавозимига Индира Холдорова 2025-йил 18-сентябрда тайинланган. Шундан кейин 2026-йил давомида «Келажак» марказлари тизими амалда ишлай бошлади. Бироқ биздаги 2025 ва 2026-йил сентябр ойлари бўйича кўрсаткичлар солиштирилганда, тўгаракларга жалб қилинган ўқувчилар сони республика миқёсида 365 486 нафардан 155 567 нафарга тушган.

Яъни бир йилда 209 919 нафар ўқувчи камайган — 57,4 фоизлик пасайиш қайд этилган.

Албатта, бу рақамнинг ўзи Индира Холдорованинг раҳбарлик фаолияти ушбу пасайишга сабаб бўлганини исботламайди. Бунинг учун марказларнинг ишлаш механизми, ҳудудлар кесимидаги ўзгаришлар, тўгараклар фаолияти ва бошқа омиллар алоҳида таҳлил қилиниши керак. Аммо раҳбарлик самарадорлиги ҳақида савол бериш учун рақамларнинг ўзи етарлича жиддий сигнал беради.

Тўлов қимматлашгани ҳам қамровга таъсир қилганми?

Бу ерда яна бир муҳим омил бор — ота-оналар тўлови. Президентнинг 2025-йил 8-сентябрдаги ПҚ-277-сон қарорида «Келажак» марказларига белгиланган минимал миқдордан юқори ота-оналар тўловини ота-оналар билан келишган ҳолда ошириш имконияти берилган. Шу қарорда 2026-йил 1-январдан тўловларнинг минимал миқдорларини қайта кўриб чиқиш белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 10-декабрдаги 776-сон қарори билан эса тўлов миқдорлари аниқ белгилаб берилди. Хусусан, 2026-йил 1-январдан Тошкент шаҳрида БҲМга нисбатан 30 фоиз, вилоятлар марказларида 25 фоиз белгиланган бўлса, 2026-йил 1-сентябрдан бу кўрсаткичлар мос равишда 60 ва 50 фоизга оширилди.

Бу жуда муҳим нуқта. Чунки биз айнан 2025-йил сентябр ва 2026-йил сентябр кўрсаткичларини солиштиряпмиз. Демак, таққосланаётган даврнинг охирига келиб, ота-оналар учун тўлов миқдори яна ошган.

Шундай экан, савол туғилади:

тўловларнинг ошиши ўқувчилар қамровининг кескин қисқаришига таъсир қилганми? Агар таъсир қилган бўлса, унинг ҳудудлар кесимидаги таъсири қанча бўлган? Масалан, Жиззахда қамров 80,7 фоизга, Тошкент шаҳрида 72,3 фоизга, Сурхондарёда 70,9 фоизга, Сирдарёда 68,6 фоизга, Фарғонада эса 67,5 фоизга камайган.

Бу пасайишларнинг қайси қисми ташкилий ўзгаришлар, қайси қисми тўлов миқдорининг ошиши, қайси қисми бошқа омиллар билан боғлиқ? Буни марказнинг таҳлили кўрсатиши керак.

209 919 нафар ўқувчи қаерга «йўқолди»?

Республика бўйича ўртача пасайиш 57,4 фоизни ташкил этган бўлса-да, ҳудудлардаги вазият бир хил эмас. Айрим ҳудудларда камайиш 30–40 фоиз атрофида бўлган. Бошқа ҳудудларда эса кўрсаткич 70–80 фоиздан ошиб кетган. Энг оғир натижа Жиззах вилоятида қайд этилган. 2025-йил сентябрида тўгаракларга жалб қилинган 20 602 нафар ўқувчи 2026-йил сентябрида 3 981 нафар бўлиб қолган.

Камайиш — 16 621 нафар ёки 80,7 фоиз.

Тошкент шаҳрида — 72,3 фоиз.

Сурхондарёда — 70,9 фоиз.

Сирдарёда — 68,6 фоиз.

Фарғонада — 67,5 фоиз.

Бу ҳудудларнинг барчасида пасайиш республикадаги ўртача 57,4 фоизлик кўрсаткичдан юқори.

Табиий савол туғилади:

Нима сабабдан?

Янги тизимга ўтиш жараёнида тўгараклар қисқардими? Педагоглар билан таъминлашда муаммо бўлдими? Тўгараклар фаолиятида узилишлар юз бердими? Ҳисобот методикаси ўзгардими? Ёки болаларни қамраб олишнинг ўзига ёндашув ўзгардими? Бу саволларга рақамнинг ўзи жавоб бермайди. Аммо рақамлар жиддий текширув учун етарлича асос беради.


Энг кўп камайиш қаерда?

Фоиз — бир мезон. Аммо абсолют рақам ҳам муҳим. Республика бўйича умумий 209 919 нафарлик камайишнинг катта қисми айрим ҳудудлар ҳиссасига тўғри келган.

Масалан, Самарқанд ва Фарғона вилоятларининг ҳар бирида 24 мингдан ортиқ ўқувчи камайган. Сурхондарёда эса пасайиш 23 225 нафарни ташкил этган. Ушбу уч ҳудуднинг ўзи республика бўйича умумий камайишнинг қарийб 34,5 фоизини ташкил қилади.

Демак, вазиятни ўрганишда фақат Жиззахдаги 80,7 фоизлик пасайишга эмас, балки болалар сони энг кўп қисқарган Самарқанд, Фарғона ва Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент вилоятига ҳам жиддий эътибор қаратиш лозим.


Андижондаги ҳолат эса бошқа саволни ўртага чиқаради

Қизиғи, барча ҳудудларда ҳам пасайиш бир хил даражада эмас. Андижон вилоятида тўгаракларга жалб қилинган ўқувчилар сони 20 539 нафардан 14 531 нафарга тушган.

Камайиш — 29,3 фоиз. Бу республикадаги энг паст пасайиш кўрсаткичи.

Бухорода — 33,9 фоиз,

Навоийда — 41,4 фоиз,

Қорақалпоғистон Республикасида — 42,3 фоиз.

Айниқса, Андижон мисоли эътиборли. Чунки бу ерда тўгараклар сони 633 тадан 833 тага ошган, аммо тўгаракларга жалб қилинган болалар сони аксинча 6 008 нафарга камайган.

Демак, тўгараклар сонининг кўпайиши автоматик равишда болалар қамрови ошганини англатмайди. Бу эса бизга яна бир нарсани кўрсатади: «Келажак» марказларининг натижадорлигини баҳолашда фақат тўгараклар сонига қараб хулоса чиқариш мумкин эмас.


Энди энг муҳим савол: КПИ?

Масаланинг асосий нуқтаси шу ерда. Президентнинг 2025-йил 8-сентябрдаги ПҚ-277-сон қарори билан «Келажак» марказлари директорлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари — КПИ асосида баҳолаш белгиланган.

Яъни раҳбарнинг фаолияти шунчаки «яхши ишлади» ёки «ёмон ишлади» деган субектив хулоса билан эмас, муайян кўрсаткичлар асосида баҳоланиши керак. Шундай экан, республика бўйича болалар қамрови 57,4 фоизга камайган бир пайтда жамоатчилик учун жуда муҳим савол пайдо бўлади:

«Келажак» марказлари директорлари 2026-йилда қайси КПИ кўрсаткичлари асосида баҳоланди?

Уларнинг КПИ натижаси қанча бўлди?

Қамров ушбу КПИлар таркибига киритилганми?

Агар киритилган бўлса, унинг умумий баҳодаги улуши қанча?

Агар киритилмаган бўлса, нима учун?


КПИ юқори бўлса — устама ҳам юқори

Бу саволнинг аҳамияти шундаки, гап фақат қоғоздаги рейтинг ҳақида кетмаяпти.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 10-декабрдаги 776-сон қарори билан «Келажак» марказларининг раҳбар ва педагог ходимларини моддий рағбатлантириш механизми ҳам белгиланган.

Унга кўра, Жамғарма маблағлари ҳисобидан директор ва директор ўринбосарларига лавозим маошининг 5 бараваригача, бошқа ходимларга эса 8 бараваригача ҳар ойлик устама берилиши мумкин.

Бу ерда яна бир муҳим жиҳат бор. Устама автоматик тарзда берилиши керак эмас.

Қарорда ушбу жараён учун Ишчи гуруҳ ташкил этилиши ва ҳудудий марказларнинг устама тайинлаш бўйича талабномалари шу гуруҳ томонидан кўриб чиқилиши белгиланган. Демак, ҳар бир устаманинг ортида муайян асос бўлиши керак:

қайси натижа?

қайси КПИ?

қайси баҳолаш?

қайси Ишчи гуруҳ қарори?

қайси вазир буйруғи?


80,7 фоизлик пасайишга қарамай юқори КПИ олиш мумкинми?

Масалан, Жиззах вилоятини олайлик. Бир йилда тўгаракларга жалб қилинган ўқувчилар сони 20 602 нафардан 3 981 нафарга тушган. Бу — 80,7 фоизлик пасайиш.

Энди савол:

Жиззах вилояти «Келажак» марказлари раҳбарларининг КПИ натижаси қандай баҳоланган?

Улар юқори КПИ кўрсаткичига эришганми? Агар эришган бўлса — қайси кўрсаткичлар ҳисобидан? Қамров 80,7 фоизга тушган бўлса, ушбу кўрсаткич КПИда қанча салмоққа эга бўлган?

Агар қамров асосий кўрсаткичлардан бири бўлмаса — раҳбарнинг самарадорлиги нималар асосида ўлчанган?

Худди шу савол Тошкент шаҳри, Сурхондарё, Сирдарё ва Фарғона раҳбариятига нисбатан ҳам қўйилиши мумкин.


«5 бараваригача» — лекин кимга ва нима учун?

Бу ерда яна бир муҳим жиҳатни алоҳида таъкидлаш керак. 776-сон қарорда директорга айнан 5 баравар устама берилади, деб ёзилмаган. Қарорда «5 бараваригача» деган чегара белгиланган.

Демак, 2 баравар, 3 баравар, 4 баравар ёки 5 баравар миқдорда устама белгиланган бўлса, уларнинг ҳар бири учун асос бўлиши керак.

Шунинг учун:

2026-йилда қайси ҳудуднинг «Келажак» маркази директорига қанча миқдорда устама берилган ва бу миқдор қайси КПИ натижаси асосида белгиланган?

Бу маълумотларни очиқлаш ортиқча талаб эмас. Аксинча, давлат маблағлари ва давлат тизимидаги рағбатлантириш механизми ҳақида жамоатчиликка ҳисобдорликнинг оддий талабидир.


Ишчи гуруҳ қарорлари қаерда?

Агар устама бериш учун Ишчи гуруҳ қарор қабул қилиши керак бўлса, унда яна бир қатор саволлар пайдо бўлади.

Ишчи гуруҳ кимлардан иборат?

2026-йилда қайси ҳудудлар бўйича қанча талабнома кўриб чиқилган?

Қайси директорга қандай миқдорда устама тавсия қилинган?

Қайси КПИ натижаси бунга асос бўлган?

Ишчи гуруҳ қарорлари расмийлаштирилганми?

Улар асосида вазирнинг қандай буйруқлари чиқарилган?

Агар бу ҳужжатлар мавжуд бўлса, улар жамоатчиликка тушунарли шаклда тақдим этилиши мумкин. Шунда барча саволларга рақамлар ва ҳужжатлар жавоб беради.


Қамров тушди — натижадорлик ошдими?

Бу ерда биз ҳеч кимни айблаётганимиз йўқ. Аксинча, масалани аниқлаштиришни сўраяпмиз. Чунки қамровнинг пасайиши автоматик равишда раҳбарнинг ёмон ишлаганини исботламайди. Янги тизимга ўтишда ҳисобот методикаси ўзгарган бўлиши мумкин.

Тўгаракларни ҳисоблаш тартиби ўзгарган бўлиши мумкин. Педагоглар билан таъминлашда муаммолар бўлган бўлиши мумкин.

Муассасалар қайта ташкил этилгани сабабли маълум бир даврда қамров пасайган бўлиши мумкин. Буларнинг барчаси ўрганилиши керак.

Аммо худди шунинг учун КПИ мезонлари очиқ бўлиши керак. Чунки агар тизимда болалар қамрови пасайса-ю, раҳбарларнинг КПИ натижаси юқори бўлса, жамоатчилик бу икки ҳолат ўртасидаги фарқни тушунишга ҳақли.


Вазирлик ва “Келажак” марказига саволлар

ЭФФЕЦТ.УЗ қуйидаги саволларни йўллайди:

1. «Келажак» марказлари директорларининг 2026-йил учун тасдиқланган КПИ мезонлари нималардан иборат?

2. Ушбу КПИларнинг ҳар бири умумий баҳолашда қандай улушга эга?

3. Болаларни тўгаракларга жалб қилиш қамрови КПИ таркибига киритилганми?

4. Агар киритилган бўлса, унинг улуши қанча?

5. Республика бўйича қамров 57,4 фоизга камайган бир пайтда ҳудудий директорларнинг КПИ натижалари қандай бўлган?

6. Жиззахда қамров 80,7 фоизга камайган ҳолда директорнинг КПИ баҳоси қанча бўлган?

7. 2026-йилда ҳар бир ҳудудий директорга қанча миқдорда устама белгиланган?

8. Устама белгилаш бўйича Ишчи гуруҳнинг қарорлари қаерда?

9. Ҳар бир устама қайси КПИ натижасига асосланган?

10. Қамров кескин пасайган ҳудуд раҳбарларига юқори миқдорда устама берилган бўлса, бу қандай мезонлар билан изоҳланади?


Гап устамада эмас. Гап — мезонда.

«Келажак» марказлари ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Шунинг учун тизимнинг барча камчиликларини бир йиллик статистика асосида кескин баҳолаш ҳам тўғри эмас. Аммо давлат тизимида янги механизм жорий этилган экан, унинг натижаси ҳам ўлчаниши керак.

Агар раҳбарларга устама берилаётган бўлса — нима учун берилаётгани тушунарли бўлиши керак.

Агар КПИ асосида баҳоланаётган бўлса — КПИ қандай экани очиқ бўлиши керак.

Агар болалар қамрови камайган бўлса — нега камайгани тушунтирилиши керак.

Агар айрим ҳудудларда 70–80 фоизлик пасайиш кузатилган бўлса — бу рақамлар ортида нима тургани ўрганилиши шарт.

Чунки давлат тизимида энг муҳими — устаманинг ўзи эмас, унинг мезони.

Жамоатчиликни қизиқтираётган саволга ягона:

Болалар қамрови кескин камайган бир пайтда «Келажак» марказлари раҳбарлари қайси натижаси учун юқори КПИ ва устама олмоқда?

Бу саволга энг яхши жавоб — баёнот эмас. КПИ мезонлари, баҳолаш натижалари, Ишчи гуруҳ қарорлари ва устама белгилашга асос бўлган ҳужжатлар. ЭФФЕЦТ.УЗ ушбу масала бўйича тегишли идораларнинг расмий муносабатини кутади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

«Келажак» марказлари: Ота-оналар фарзандлари келажагини нега “Келажак”ка ишонмаяпти? | Effect.uz