ЭФФЕЦТ.УЗ мақоласи эълон қилинганидан сўнг Республика «Келажак» маркази расмий муносабат билдирди.
Марказнинг таъкидлашича, тегишли ўрганишлар ва қайта хатлов жараёнида аввалги йилларда тўгараклар ҳамда уларга жалб қилинган ўқувчилар сони сунъий равишда ошириб кўрсатилгани маълум бўлган. Ҳозир эса ҳақиқий ҳолатдаги рақамлар тақдим этилмоқда.
Агар бу маълумот тасдиқланса, демак, аввалги йиллардаги ҳисоботларнинг ишончлилиги бўйича ҳам жиддий саволлар пайдо бўлади. Чунки ўша кўрсаткичлар асосида таълим муассасалари фаолияти баҳоланган, ҳисоботлар шакллантирилган ва тегишли қарорлар қабул қилинган бўлиши мумкин.
Бироқ марказ муносабатида ушбу даъвони тасдиқловчи аниқ рақамлар, қайта хатлов натижалари, ҳудудлар кесимидаги тафовутлар ёки текширув ҳужжатлари келтирилмаган.
Шунинг учун очиқ савол мавжуд: аввалги ҳисоботларда қанча ўқувчи сони сунъий ошириб кўрсатилган? Бу ҳолат қайси ҳудудларда аниқланган ва бунга ким масъул?
Марказ яна Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандларининг 21 500 нафардан ортиғи ота-оналар бадалидан озод этилганини маълум қилган. Бу, албатта, ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли чора. Аммо ушбу маълумот республика бўйича қайд этилган 209 919 нафарлик камайишни изоҳлаш учун етарли эмас.
Шунингдек, марказ тўлов миқдорлари 776-сон қарор билан белгиланганини таъкидлаган. Лекин биз кўтарган масала қарорнинг мавжудлиги эмас, балки тўловлар оширилиши ота-оналарнинг фарзандларини тўгаракларга жалб қилиш имкониятига қандай таъсир қилганидир.
Қолаверса, 9 та йўналиш ва 62 номдаги тўгарак тасдиқлангани ҳақидаги маълумот ҳам якуний натижани англатмайди. Асосий мезон — уларга қанча бола жалб қилингани, қанчаси мунтазам қатнашаётгани ва қамровнинг нима сабабдан қисқарганидир.
Демак, марказнинг расмий муносабати айрим саволларга изоҳ берган бўлса-да, энг асосий масала — болалар қамровининг кескин пасайиши сабабларини ҳали тўлиқ очиб бермаган.
Марказ фақат айрим саволларга жавоб бермоқдами?
Қизиғи шундаки, Республика «Келажак» маркази ЭФФЕЦТ.УЗънинг сўнгги мақоласига расмий муносабат билдирган бўлса-да, марказ фаолиятига доир аввалги материалларимизда кўтарилган бир қатор муҳим саволлар ҳануз жавобсиз қолмоқда.
Жумладан, «Келажак» марказлари нимани ўзгартирди? Индира Холдорова жамоатчиликка ҳисобот бериши керак» сарлавҳали мақоламизда Самарқанд вилоятидан олинган ҳужжатлар асосида ота-оналар бадалидан тушган маблағларнинг 10 фоизини Республика «Келажак» маркази жамғармасига ўтказиш масаласи, ушбу талабнинг ҳуқуқий асоси ва маблағлар ҳаракати юзасидан саволлар қўйилган эди.
Шунингдек, «Келажак»нинг келажаги қандай қурилганди? Ёхуд «бункерда» ўтказилган тестлар ҳақидаги даъво...» мақоламизда марказларни ташкил этиш жараёнида ходимлар ва директорлар билан боғлиқ жамоавий мурожаатда келтирилган жиддий даъволарни ёритган эдик.
Ушбу материалларда келтирилган маълумотлар ва саволларга Республика «Келажак» маркази томонидан ҳозиргача расмий муносабат билдирилмаган.
Биз бу ҳолатни марказнинг қасддан жавоб беришдан қочиши деб баҳоламаймиз. Бироқ бир масалага эътибор қаратмоқчимиз: агар марказ жамоатчилик олдида очиқлик ва шаффофликни таъминлашни мақсад қилган бўлса, фақат битта мақолага муносабат билдириш билан чекланиб қолмаслиги керак.
Айниқса, молиявий ҳисоб-китоблар, жамғарма маблағлари, ходимларни ишдан бўшатиш ва раҳбарларни танлаш жараёнлари бўйича саволлар ўз жавобини кутиб турибди.
Очиқлик — фақат расмий муносабат эълон қилиш эмас. Очиқлик — жамоатчилик олдида пайдо бўлган барча асосли саволларга ҳужжатлар ва аниқ рақамлар билан жавоб беришдир.




