Сиёсат

Қашқадарёда 448 нафар бола қатнаётган авария ҳолатидаги боғча ўрнида янги муассаса қурилади

Akmal Eshonxonov28 кўришлар
Қашқадарёда 448 нафар бола қатнаётган авария ҳолатидаги боғча ўрнида янги муассаса қурилади

Саида Мирзиёева Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида 43-мактаб ва 1-сонли мактабгача таълим ташкилотидаги шароитлар билан танишди. Ташриф чоғида боғчанинг авария ҳолатида экани, мактабда эса синфхоналар совуқлиги ва парталар эскиргани қайд этилди.

Жойидаги мулоқотда боғча вакили муассаса 1972-йилда қурилганини, бугунги кунда унда 448 нафар бола тарбияланаётганини маълум қилди.

Унинг айтишича, 2019-йилда ҳожатхона қурилган бўлса-да, унинг асосий бинодан узоқда жойлашгани болалар учун қийинчилик туғдирмоқда. Муассаса шароитларини сақлаб туриш учун ҳомийлик маблағларидан ҳам фойдаланиб келинган.

Мулоқот давомида боғча биносини қайта қуриш зарурати, 360 ўринли янги муассаса барпо этиш режаси ва инфратузилма масалалари муҳокама қилинди.

Боғча вакили бетонлаштириш ишларининг ўзи учун лойиҳа бўйича 6 миллиард сўм маблағ кераклигини, энг муҳим муаммолардан бири эса сув таъминоти эканини таъкидлади.

Саида Мирзиёева мактабдаги шароитларни кўздан кечирар экан, ўзининг болалик хотираларини ҳам эслади:

«Менинг ёшлигим шундай мактабда ўтган, ростдан. Ойналарга қараганимизда шундай манзара бўлади. Хурсандман сизларни кўриб, ёшлар!»

Саида Мирзиёеванинг маълум қилишича, эски боғча ўрнида 360 ўринли замонавий боғча қурилади. Шунингдек, 43-мактаб биноси таъмирланиб, замонавий лабораториялар, тил ва ижод тўгараклари ташкил этилади. Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ҳам қулай шароит яратилади.

Ташриф давомида Қашқадарё илғор касбий маҳорат техникумида таҳсил олаётган ёшлар билан ҳам учрашув ўтказилган. Саида Мирзиёева ёшларнинг иштиёқи ва келажакка ишончини юқори баҳолаб, фарзандлар боғчага илк қадам қўйганидан мустақил ҳаётга киргунига қадар муносиб таълим-тарбия муҳитида бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Қашқадарёда 448 нафар бола қатнаётган авария ҳолатидаги боғча ўрнида янги муассаса қурилади | Effect.uz