Жамият

Хорижга ишга жўнатишда хусусий агентликлар масъул бўлади

Akmal Eshonxonov8 кўришлар
Хорижга ишга жўнатишда хусусий агентликлар масъул бўлади

Хусусий бандлик агентликлари орқали хорижда ишга жойлашганлар сони икки йилда беш баробар ошди. Энди фуқароларни чет элга ишга юбориш вазифасини хусусий сектордаги энг ишончли агентликларга тўлиқ ўтказиш, уларни эса ишга жойлаштириш натижаси учун рағбатлантириш режалаштирилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев хусусий бандлик агентликлари фаолиятидаги ўзгаришлар ва меҳнат миграцияси соҳасидаги янги вазифалар ҳақида тўхталди.

Қайд этилишича, лицензия бериш тартиби соддалаштирилганидан кейин икки йилда хусусий бандлик агентликлари сони уч баробарга, улар орқали хорижда ишга жойлашган фуқаролар сони эса беш баробарга кўпайган.

Шу билан бирга, соҳада хатолар, коррупсия ва фуқароларни алдаш ҳолатлари ҳам кузатилгани таъкидланди. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида алоҳида қонун қабул қилиниб, соҳа фаолиятининг ҳуқуқий асоси яратилган.

Янги тартибга кўра, келаси йилдан фуқароларни хорижга ишга юбориш вазифаси хусусий сектордаги энг ишончли бандлик агентликларига тўлиқ ўтказилади.

Бунда юқори даромадли ишга жойлаштирилган ҳар бир фуқаро учун агентликка 1,5 миллион сўмдан рағбат пули тўланади.

Ёшларни хорижда ишлашга тайёрлаш мақсадида техникум биноларининг бир қисми бепул ижарага берилади. Чет элдан жалб қилинган ўқитувчи ва экспертлар учун ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланади. Ўқув жараёни учун зарур ускуна ва жиҳозлар эса божхона божидан озод қилинади.

Шунингдек, хусусий бандлик агентликлари фаолияти тўлиқ шаффоф тизимга ўтказилиб, уларнинг рейтинги юритилади.

Бунда агентлик фаолияти фақат хорижга қанча одам юборгани билан эмас, балки фуқаронинг аниқ ишга жойлашгани, ҳуқуқлари таъминлангани, юқори даромад олаётгани ва кафолатли ижтимоий таъминотга эга бўлгани билан баҳоланади.

Президент мутасаддиларга бир ой муддатда агентликлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган қарор лойиҳасини киритишни топширди. Шунингдек, хусусий бандлик агентликлари фаолиятини ижтимоий хизмат сифатида кўриб, уларнинг солиққа тортилиш тартибини ҳам шунга мос равишда соддалаштириш вазифаси қўйилди.

Эндиликда агентликлар учун асосий мезон фуқарони хорижга юбориш эмас, балки уни муносиб иш, юқори маош ва кафолатланган меҳнат шароити билан таъминлаш бўлади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Хорижга ишга жўнатишда хусусий агентликлар масъул бўлади | Effect.uz