«Имарат Девелопмент» атрофидаги можаролар жиноят иши доирасида янги босқичга ўтди. Лойиҳа эгаси Марат Ҳамдамов ва яна бир шахс тергов органи томонидан процессуал тартибда ушланган.
Кун.уз манбасининг Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига таяниб хабар беришича, «Имарат Девелопмент» қурилиш лойиҳаси эгаси Марат Ҳамдамов Тошкент шаҳар ИИББ томонидан олиб борилаётган жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб этилган.
У Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси тартибида ушланган. Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, жиноят иши доирасида М.Х. ва Ж.А. ҳам ушланган.
Эслатиб ўтамиз, «Имарат Девелопмент» компаниясининг бир қатор қурилиш лойиҳаларида хонадонлар харидорларга шартномада белгиланган муддатларда топширилмагани ортидан фуқароларнинг эътирозлари юзага келган эди.
Аввалроқ Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси Сергели тумани, Буюк авлод шоҳ кўчасида жойлашган «Имарат Девелопмент» МЧЖ раҳбариятига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси — фирибгарлик ҳамда 192¹¹-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилганини маълум қилганди.
Маълумот учун, ЖПКнинг 227-моддаси суриштирувчи, терговчи ёки прокурорнинг ушлаб туриш тўғрисидаги қарори асосида шахсни ички ишлар ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга олиб бориш тартибини белгилайди.
Таъкидлаш лозимки, ушланиш шахснинг айбдорлиги суд томонидан исботланганини англатмайди. Жиноят иши бўйича якуний ҳуқуқий баҳо тергов ва суд жараёнлари натижасида берилади.




