Жамият

Қизларига коняк ичирган ота: болалар нега унда қолди?

Akmal Eshonxonov15 кўришлар

Беш марта ҳомиладорлик, учта аборт, икки нафар қиз ва бир-бирига зид суд қарорлари. Бу оилавий низо ортида 12 ва 7 ёшли икки нафар боланинг тақдири турибди. Энг оғир савол: онанинг хатти-ҳаракатлари судда текширилган бир пайтда, отанинг болаларга нисбатан хатти-ҳаракатлари ҳақидаги даъволар қай даражада ўрганилган?

Лола Баҳодированинг даъволарига кўра, собиқ турмуш ўртоғи қизларига коняк ичирган, уларнинг олдида яланғоч ҳолда юрган. У, шунингдек, аввалги ҳомиладорликлари давомида босим ва тазйиққа учраганини билдирмоқда.

Энг оғир даъволардан яна бири — Лоланинг беш марта ҳомиладор бўлгани, уч ҳолатда ҳомиланинг қиз экани маълум бўлгач, аборт қилингани ҳақидаги баёноти.

Албатта, бу ҳолатлар ҳозирча онанинг даъволари. Уларнинг ҳар бирига тегишли далиллар асосида ҳуқуқий баҳо берилиши керак.

Айни пайтда Лола Баҳодированинг собиқ турмуш ўртоғига тан жароҳати етказгани учун судлангани суд ҳужжатлари билан тасдиқланган.

Бироқ бу ҳолатнинг ўзи онани автоматик равишда фарзандлари учун хавфли шахс сифатида баҳолашга етарлими?

Апелляция суди қандай хулосага келган?

2026-йил 28-апрел куни биринчи инстансия суди Лола Баҳодировани оналик ҳуқуқидан маҳрум қилган. Бироқ 2-июн куни Самарқанд вилояти суди мазкур қарорни бекор қилган.

Апелляция судининг фикрича, биринчи инстансия иш учун аҳамиятли ҳолатларни тўлиқ аниқламаган ва ўз хулосаларини етарли далиллар билан асосламаган.

Суд ҳужжатида Лола Баҳодированинг болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига қарши жиноят содир этганини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмаслиги кўрсатилган.

Шунингдек, унинг шахсий хулқ-атвори қизларининг жисмоний ёки руҳий соғлиғига зарар етказаётгани, болаларга нисбатан шафқациз муомала қилгани ёки уларни ҳақоратлаганини тасдиқловчи етарли далиллар ҳам аниқланмаган.

Яна бир муҳим жиҳат — «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг 2026-йил 21-апрелдаги 25 ва 26-сонли хулосалари.

Уларда оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини кўриб чиқиш тавсия этилган. Бироқ апелляция суди бундай хулосаларни ўз-ўзидан етарли далил деб ҳисобламаган.

Энди асосий савол — отага нисбатан билдирилган даъволар текширилганми?

Агар онанинг болаларга муносабати, шахсий хулқ-атвори ва уларнинг хавфсизлиги масалалари далиллар асосида баҳоланган бўлса, унда отанинг хатти-ҳаракатлари ҳақидаги оғир даъволар ҳам худди шу мезонлар асосида ўрганилиши керак эмасми?

Жумладан:

— қизларига спиртли ичимлик, хусусан коняк ичиргани ҳақидаги даъво текширилганми?

— болаларнинг отаси билан яшаётган муҳити холисона ўрганилганми?

— уларнинг руҳий ва жисмоний ҳолати бўйича тегишли мутахассислар хулосаси олинганми?

— ота ва онанинг болалар учун яратаётган шароитлари бир хил мезон асосида баҳоланганми?

— болалар билан ким ва қандай тартибда суҳбатлашган?

Бу саволлар айниқса муҳим. Чунки гап оддий оилавий низо ҳақида эмас, балки икки нафар вояга етмаган боланинг қаерда ва ким билан яшаши ҳақида кетмоқда.

«Бола нима деди?» эмас, «у буни эркин айтдими?»

Ишда болаларнинг фикри масаласи ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

Онанинг айтишича, қизлари уни яхши кўришини билдирган, бироқ отаси билан қолишни танлаган. Лола Баҳодирова эса бу қарор ортида босим бўлиши мумкинлигини даъво қилмоқда.

Бу ҳам ҳозирча онанинг баёноти.

Бироқ болалар билан боғлиқ низоларда фақат «бола нима деди?» деган саволнинг ўзи етарли эмас.

Бола бу фикрни эркин ва мустақил равишда билдирдими?

Амалдаги Оила кодексининг 68-моддасида боланинг манфаатларига дахлдор масалаларда унинг фикрини инобатга олиш белгиланган.

Шу билан бирга, ушбу иш бўйича апелляция қарори 2026-йил 2-июнда қабул қилинган, янги таҳрирдаги норма эса 1-июлдан кучга киргани қайд этилмоқда. Шу сабабли ишда қайси таҳрирдаги норма қўллангани ҳам ҳуқуқий жиҳатдан аниқлаштирилиши керак.

14 кун ичида нима ўзгарди?

Суд ҳужжатида 2026-йил 14-апрелда Лоланинг болаларни олиб бериш ҳақидаги талаби рад этилгани қайд этилган.

Орадан атиги 14 кун ўтиб — 28-апрел куни у оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Бу ҳолат ҳам қатор саволларни юзага келтиради:

14 кун ичида нима ўзгарди?

Янги далиллар пайдо бўлдими?

Болаларнинг ҳолати ўзгардими?

Янги психологик хулоса олиндими?

Бизда 14-апрелдаги суд қарорининг тўлиқ матни мавжуд эмас. Шунинг учун бу саволларга ҳозирча аниқ жавоб бериш имкони йўқ.

Бироқ мазкур хронология ишнинг барча ҳужжатлари тўлиқ ўрганилиши зарурлигини кўрсатади.

Бир томонда — судланган она. Иккинчи томонда — оғир даъволар. Ўртада эса икки қиз...

Мазкур ишни фақат «она жиноят қилган» ёки «ота айбдор» деган икки хил хулосага келтириб қўйиш ҳам тўғри эмас.

Бир томонда — Лола Баҳодированинг тан жароҳати етказгани учун судлангани ҳақидаги суд ҳужжати бор.

Иккинчи томонда — унинг оиладаги зўравонлик, ҳомиладорлик пайтидаги босим ва собиқ эрининг қизларга нисбатан хатти-ҳаракатлари ҳақидаги оғир даъволари мавжуд.

Уларнинг бир қисми ҳозирча мустақил далиллар билан тасдиқлангани ҳақида бизда маълумот йўқ.

Учинчи томонда эса — 12 ва 7 ёшли икки қиз.

Шунинг учун мазкур ишда энг муҳим масала кимни оқлаш ёки кимни айблаш эмас.

Энг муҳим савол:

Икки нафар бола учун қайси муҳит хавфсизроқ ва қайси қарор уларнинг манфаатига кўпроқ мос?

Отанинг хатти-ҳаракатлари ҳақидаги даъволар ҳам онага қўйилган талаблар каби холис ва тўлиқ текширилганми?

Болаларнинг фикри эркин шаклланганми?

Уларнинг жисмоний ва руҳий хавфсизлиги ҳақиқатан ҳам биринчи ўринга қўйилганми?

Ота ёки онани ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш — боланинг келажагига бевосита таъсир қиладиган жиддий ҳуқуқий чора. Шунинг учун бундай қарор тахминлар, бир томонлама хулосалар ёки асоссиз омиллар билан эмас, ҳар икки томонга нисбатан холис ўрганилган далиллар ва, энг аввало, болаларнинг энг яхши манфаатларидан келиб чиқиб қабул қилиниши керак.

Икки қиз учун қайси муҳит хавфсиз? Отанинг хатти-ҳаракатларига ҳам муносиб ҳуқуқий баҳо бериладими?

ЭФФЕЦТ.УЗ мазкур иш бўйича саволларга жавоб излаш ва воқеалар ривожини ёритишда давом этади.

Журналист: Нилуфар Ёриқулова

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Қизларига коняк ичирган ота: болалар нега унда қолди? | Effect.uz