Аҳоли юрадиган ҳудуд қазилиб, пиёдалар йўлаги абгор ҳолатга келган. Энди савол оддий: бу ер кимга ва қандай ҳуқуқий асосда берилган?
Фарғона шаҳри Меҳрбонлик МФЙ, Қирғили мавзеси, Шифокорлар кўчаси, 14-Б-уй ёнидаги умумий фойдаланиш ҳудудларида олиб борилаётган қазиш ишлари аҳоли эътирозига сабаб бўлмоқда.
Мурожаатда айтилишича, қазиш ишлари натижасида ҳудуднинг ҳолати ёмонлашган, аҳолининг эркин ва хавфсиз ҳаракатланиши, хусусан, пиёдалар йўлагидан фойдаланиши қийинлашган.
Бироқ масаланинг фақат ободонлаштириш ёки йўлак муаммосидан иборат эмаслигига эътибор қаратиш лозим.
Энг асосий савол — мазкур ҳудуднинг ҳуқуқий мақоми қандай?
Агар гап умумий фойдаланишдаги давлат ери ҳақида кетаётган бўлса, у қандай ҳуқуқий асосда қазилмоқда? Ердан фойдаланиш ҳуқуқи кимга берилган? Қазиш ишларини амалга ошириш учун тегишли рухсат ва ҳужжатлар мавжудми?
Шунингдек, кадастр ҳужжатларида ушбу ҳудуд қандай мақомда қайд этилгани, шаҳарсозлик ва архитектура талаблари асосида тасдиқланган лойиҳа бор-йўқлиги ҳам очиқланиши керак.
Чунки ишлар қонуний асосда амалга оширилаётган бўлса ҳам, аҳолининг хавфсиз ҳаракатланиши ва пиёдалар учун зарур йўлак нега таъминланмагани алоҳида савол бўлиб қолмоқда.
Бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун ернинг мақоми, ундан фойдаланиш ҳуқуқи, қурилиш ёки қазиш ишларига берилган рухсатлар ва мавжуд лойиҳа ҳужжатлари ўрганилиши зарур.
Шу муносабат билан прокуратура, кадастр ҳамда архитектура ва шаҳарсозлик соҳасига масъул ташкилотлардан:
— мазкур ҳудуднинг ҳуқуқий мақомини;
— ердан фойдаланиш ҳуқуқи кимга ва қайси асосда берилганини;
— қазиш ишларига рухсат мавжуд ёки мавжуд эмаслигини;
— лойиҳа ва шаҳарсозлик ҳужжатларининг қонунийлигини;
— аҳоли хавфсизлиги талабларига риоя этилган-етилмаганини
холис ўрганиб, жамоатчиликка аниқ маълумот бериш сўралади.
Давлат ёки умумий фойдаланишдаги ернинг мақоми ўзбошимчалик билан ўзгариши мумкин эмас. Аҳоли хавфсизлиги эса ҳар қандай қурилиш ёки хўжалик манфаатидан устун туриши керак.
Энди савол масъул ташкилотларга:
Шифокорлар кўчасидаги бу ҳудуд кимнинг манфаати учун қазилмоқда? Ернинг ҳуқуқий асоси борми? Аҳоли хавфсизлиги учун ким жавоб беради?
ЭФФЕЦТ.УЗ ушбу ҳолат юзасидан мутасадди ташкилотларнинг расмий муносабатини кутади.




