Президент қарори ёки фармонига қарши эмасмиз, дейишмоқда Навоий савдо комплексида кўп йиллардан буён ишлаб келаётган тадбиркорлар. Аммо уларнинг хавотири — дўконлари ауксионга чиқарилса, ўз иш жойларини қайта сотиб олишга молиявий имконияти етмаслигида.
ЭФФЕЦТ.УЗ таҳририятига Навоий шаҳридаги Навоий савдо комплексида фаолият юритувчи бир гуруҳ тадбиркорлар мурожаат қилди.
Мурожаатчиларнинг айтишича, уларга тегишли савдо дўконлари ауксионга чиқарилиши мумкин. Тадбиркорлар эса қарорга қарши эмаслигини, бироқ ауксионда қатнашиб, йиллардан буён ишлаб келаётган дўконларини қайта сотиб олиш имконияти ҳаммада ҳам мавжуд эмаслигини таъкидламоқда.
«Бола-чақамизни шу дўконлар орқасидан боқамиз. Дўконларимизни олиб қўйишса, қаерга борамиз? Бизга шу жойларда ишлаш имкониятини беринглар», — дейди мурожаатчилар.
Тадбиркорларнинг маълум қилишича, савдо комплексида 250 нафардан ортиқ тадбиркор фаолият юритади. Уларнинг айримлари учун ушбу савдо жойи асосий ва доимий даромад манбаи ҳисобланади.
Шу боис дўконлардан айрилиш масаласи фақат тадбиркорнинг бизнесига эмас, балки уларнинг оиласи ва тирикчилик манбаига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Масала юзасидан тадбиркорлар шаҳар ҳокими билан ҳам мулоқот қилган. Ҳоким тадбиркорларга маълум вақт бериш ва уларнинг шароитини инобатга олиш зарурлигини билдирган. Шунингдек, ауксион учун бошқа жойлар ҳам мавжудлигини айтган ва мазкур масалада ечим топишга ҳаракат қилишини билдирган.
Агар бунинг имкони бўлмаса, тадбиркорларни камида бир ой олдин огоҳлантириш зарурлигини таъкидлаган.
Ҳозир тадбиркорларни қизиқтираётган асосий савол шу:
Кўп йиллардан буён шу жойда меҳнат қилиб келаётган тадбиркорларнинг манфаатлари қандай ҳимоя қилинади?
ЭФФЕЦТ.УЗ ушбу масалада Навоий шаҳар ҳокимлиги ва бошқа масъул ташкилотлардан тадбиркорларнинг мурожаатини ўрганиб, уларнинг меҳнати ва тирикчилик манбаини инобатга олган ҳолда қонуний ва амалий ечим топишларини сўрайди.
Чунки бу ерда гап шунчаки савдо дўконлари ҳақида эмас — юзлаб тадбиркорлар ва уларнинг оилалари тирикчилиги, иш ўринлари ҳақида кетмоқда.
Мухбир: Муҳаммадали Қозоқов
Оператор ва монтаж устаси: Отабек Умаров



