Жамият

Қорақалпоғистонда келишиб газ нархини кўтарган 22 та газ шохобчасига жарима қўлланилди – Рақобат қўмитаси

Akmal Eshonxonov23 кўришлар
Қорақалпоғистонда келишиб газ нархини кўтарган 22 та газ шохобчасига жарима қўлланилди – Рақобат қўмитаси

Бир вақтнинг ўзида газ нархини оширган 22 та шохобчага нисбатан рақобатга қарши мувофиқлаштирилган ҳаракатлар юзасидан молиявий жарималар қўлланилди. Қўмита қароридан норози бўлган 9 та субект судга мурожаат қилган, бироқ қарорлар қонунийлиги судда ҳам тасдиқланган.

Рақобат қўмитасига келиб тушган фуқаро мурожаати асосида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида фаолият юритаётган 22 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасидаги нархлар ўрганилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, мазкур шохобчаларда 1 куб метр сиқилган газ маҳсулоти бир вақтнинг ўзида амалдаги нархига нисбатан ўртача 1 050 сўмгача ошириб сотилгани аниқланган.

Ушбу ҳолатлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитаси Махсус комиссияси томонидан «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси — рақобатга қарши мувофиқлаштирилган ҳаракатлар содир этилганлиги бўйича ишлар қўзғатилган.

Ишларни кўриб чиқиш якунида 22 та хўжалик юритувчи субектга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарималар қўллаш ҳақида қарор қабул қилинган.

Шунингдек, аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган.

Қўмита маълумотига кўра, махсус комиссия қарорларидан норози бўлган 9 та тадбиркорлик субекти судга мурожаат қилган. Суд эса қўмита қарорларининг қонунийлигини тасдиқлаган.

Рақобат қўмитаси мулкчилик шаклидан қатъи назар, ички бозорда фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субектлар томонидан рақобатга қарши келишилган ҳаракатларни аниқлаш бўйича мониторинг тадбирлари давом эттирилишини маълум қилди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Қорақалпоғистонда келишиб газ нархини кўтарган 22 та газ шохобчасига жарима қўлланилди – Рақобат қўмитаси | Effect.uz