Хорижда ишлаётган ўзбекистонликлар алданса ёки меҳнат ҳуқуқлари бузилса, уларни ҳимоя қилиш ва зарур ҳолларда компенсация тўлаш механизмлари йўлга қўйилади. Қийин вазиятга тушиб қолган фуқароларни Ватанга қайтариш учун тезкор ишчи гуруҳлар ҳам ташкил этилади.
Бугун давлат раҳбари раислигида ўтказилган йиғилишда ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги муаммолар ва келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда хорижга ишлаш учун кетаётган фуқароларнинг ҳуқуқлари етарлича ҳимоя қилинмагани, айрим ҳамюртларимиз турли алдовларга учрагани ва меҳнат ҳуқуқлари бузилгани каби муаммоларга эътибор қаратилди.
Энди бу борада хусусий меҳнат миграцияси агентликларига ҳам катта масъулият юкланади. Хорижий тилларни биладиган ёшларни юқори маошли иш ўринларига жойлаштириш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янги вазифалар белгиланган.
Шунингдек, хорижда меҳнат ҳуқуқлари бузилган фуқароларга компенсация тўлаш механизмларини йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда.
Яна бир муҳим янгилик — хорижда оғир вазиятга тушиб қолган ўзбекистонликларни аниқлаш ва уларни тезкор равишда Ватанга қайтариш мақсадида махсус ишчи гуруҳлар ташкил этилади.
Давлат раҳбари хорижга кетаётган ёки чет элдан қайтаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши шартлигини таъкидлаб, бу борада давлат кафолат беришини билдирган.
Эндиликда энг муҳим масала — белгиланган вазифаларнинг амалда қандай бажарилиши ва хориждаги ҳамюртларимиз учун яратиладиган ҳимоя механизмлари қанчалик самарали ишлашидир.




