Тошкент шаҳридаги туман директорлари мажбуран ишдан бўшатилгани, янги раҳбарлар эса шаффоф бўлмаган танлов асосида тайинлангани ҳақида ЭФФЕЦТ.УЗ таҳририятига мурожаат келиб тушди.
Исми сир қолишини истаган фуқаронинг маълум қилишича, 2025-йил 13-декабр куни Тошкент шаҳридаги барча туман директорлари Таълим бошқармасига чақирилган. Учрашув давомида уларнинг телефонлари олиб қўйилиб, ўз хоҳиши билан ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишга мажбурлангани айтилмоқда.
Шунингдек, мурожаатда айрим директорларнинг ишдан бўшатиш санаси орқа сана билан, яъни 9-декабр куни деб расмийлаштирилгани, ҳатто касаллик варақасида бўлган директор ҳам ишдан бўшатилгани билдирилган. Мурожаатчи бу ҳолатларни Меҳнат кодекси талабларининг бузилиши сифатида баҳоламоқда.
Вазиятнинг яна бир жиҳати — янги директорларни тайинлаш жараёни. Маълум қилинишича, Индира Халдарова директорлик лавозимларига тест ва суҳбат асосида танлов ўтказилишини маълум қилган. Кейинчалик тест жараёнлари ўтказилиб, янги раҳбарлар тайинлана бошланган.

Бироқ мурожаатчи танловнинг шаффоф ўтказилганига шубҳа билдирмоқда. Унинг айтишича, янги тайинланган директорлардан бири тестда иштирок этмасдан лавозимга келганини ўз оғзи билан айтган. Бу ҳақда аудиоёзув ҳам мавжуд.
Агар ушбу ҳолатлар тасдиқланса, савол туғилади: директорлар ҳақиқатан ҳам қонуний тартибда ишдан бўшатилганми? Янги раҳбарлар очиқ ва тенг шартлардаги танлов асосида тайинланганми?
ЭФФЕЦТ.УЗ Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда «Республика Келажак» маркази раҳбариятидан мазкур ҳолатлар юзасидан расмий изоҳ кутади.
Хусусан, директорлардан аризалар қайси ҳуқуқий асосда олингани, ишдан бўшатиш буйруқларидаги саналар қандай белгилангани ва янги раҳбарларни тайинлашда тест ҳамда суҳбат натижаларига қай даражада амал қилинганига ойдинлик киритилиши лозим.
Меҳнат муносабатларида қонунийлик ҳам, раҳбарлик лавозимларига тайинлашда шаффофлик ҳам мажбурий талабдир. Бу борадаги саволлар жавобсиз қолмаслиги керак.




