Сўнгги пайтларда ИМАН компанияси фаолияти билан боғлиқ масалалар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Командит ширкати директори Зуҳруллоҳ Бобоев ушбу вазият юзасидан баёнот бериб, бундан буён инвесторлар ва кузатувчиларга компанияда юз бераётган жараёнлар ҳақида мунтазам ва шаффоф маълумот тақдим этиб боришини билдирди.
Бобоевнинг айтишича, у эндиликда ИМАН компаниясининг расмий вакили сифатида чиқиш қилиб, инвесторлар олдидаги масъулиятни ҳис қилган ҳолда юзага келаётган саволларга жавоб бериб боради.
Унинг таъкидлашича, келгусидаги чиқишларда учта асосий йўналишга эътибор қаратилади.
Биринчиси — компаниянинг жорий ҳолати, молиявий кўрсаткичлари, савдо жараёнлари, хавфсизлик тармоғи ҳамда инвесторларнинг маблағларини қайтариб олиш бўйича юборган сўровлари ҳолати.
Иккинчиси — компания ичидаги ўзгаришлар, қабул қилинаётган қарорлар ва келгусидаги режалар.
Учинчиси — мустақил текширувлар натижалари. Жумладан, шариат, ҳуқуқий ва молиявий аудит хулосаларини бевосита жамоатчиликка етказиш режалаштирилмоқда.
Компания директори инвесторлар ва кузатувчилар олдида катта масъулият борлигини таъкидлаб, шахсиятларга эмас, аниқ ва холис маълумотларга эътибор қаратилишини билдирди.
Шунингдек, у ИМАН компаниясидаги ўзгаришлар ва аудит хулосаларидан хабардор бўлиш учун кузатувчиларни компаниянинг расмий ахборот каналларига обуна бўлишга чақирди.
Энди асосий масала — билдирилган ваъдаларнинг амалда қандай бажарилиши. Хусусан, инвесторларнинг маблағларини қайтариш бўйича сўровлар, компаниянинг ҳақиқий молиявий ҳолати ва мустақил аудит хулосалари жамоатчилик кутаётган энг муҳим маълумотлар бўлиб қолмоқда.




