Сурхондарёлик фуқаро беш йиллик таҳсилидан кейин мутахассислиги бўйича ишлашга тўсиққа учраётганини айтмоқда. Унинг мурожаатига кўра, дипломида «педагог» деган қайд йўқлиги сабабли мактаб ва ҳатто боғчаларга ишга жойлашиш имкони бўлмаяпти.
ЭФФЕЦТ.УЗ таҳририятига Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани Шерозий маҳалласида яшовчи Шерзод Саматов мурожаат қилди.
Унинг айтишича, 2020-йилда Президент фармони асосида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг бакалавриат босқичига мақсадли, сиртқи таълим шаклида, «Мусиқали театр режиссёрлиги» йўналиши бўйича ўқишга қабул қилинган.
Саматов 2025-йилда олий таълим муассасасини тамомлаб, диплом олган. Бироқ ўз ҳудудидаги мактабга ишга жойлашиш истаги билан мурожаат қилганида, дипломида «педагог» деган мутахассислик қайди мавжуд эмаслиги сабабли ишга қабул қилиш масаласида тўсиққа дуч келганини билдирмоқда.

Мурожаатчи таъкидлашича, унинг дипломи мактабгагина эмас, ҳатто мактабгача таълим ташкилотларига ишга жойлашишда ҳам қабул қилинмаётгани, электрон базада тегишли лавозимга мувофиқ келмаслиги ҳақида маълумот чиқиши айтилган.
«Наҳотки, олий маълумотли бўла туриб, мактабга ишга кира олмасам? Шунча йил сарфлаган вақтим, қилган харажатларим бир тийинга айланиб қоладими?» — дейди Саматов.
Шерзод Саматовнинг фикрича, Ўзбекистонда айнан шу йўналиш бўйича мутахассис тайёрлайдиган олий таълим муассасаси саноқли экан, диплом эгалари ишга жойлашишда бундай муаммоларга дуч келмаслиги керак.
Масала юзасидан масъул идоралар қуйидаги саволларга ойдинлик киритиши лозим:
2020-йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан мақсадли ўқишга қабул қилинган фуқарога қандай касбий малака берилиши белгиланган?
«Мусиқали театр режиссёрлиги» йўналишини тамомлаган битирувчи қайси лавозимларда ишлаш ҳуқуқига эга?
Дипломда «педагог» деган қайд бўлмаслиги унинг мактаб ёки мактабгача таълим муассасасида ишлашига қай даражада ҳуқуқий тўсиқ бўлади?
Агар мутахассислик бўйича ишга жойлашиш имконияти чекланган бўлса, бу ҳақда абитуриент ўқишга қабул қилинаётган вақтда хабардор қилинганми?
ЭФФЕЦТ.УЗ ушбу мурожаат юзасидан Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Таълим ва илм-фан вазирлиги ҳамда мактабгача ва мактаб таълими соҳаси учун масъул идоралардан расмий изоҳ кутади.
Давлат маблағи ҳисобидан мақсадли таълим олган битирувчининг касбий келажаги ва ишга жойлашиш имконияти масаласи ҳуқуқий жиҳатдан аниқлаштирилиши керак. Зеро, фуқаро беш йил таҳсил олиб, диплом олганидан кейин ўз мутахассислиги бўйича ишлаш имконияти бор-йўқлигини билолмай қолмаслиги лозим.



