У айбланувчига нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини унинг фойдасига ҳал қилиш, зарар миқдорини камайтириш ва қидирувни бекор қилишни ваъда қилганликда гумонланмоқда.
Коррупсияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари Бош прокуратуранинг Шахсий хавфсизлик бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.
Тадбир давомида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Фарғона шаҳар бўлими терговчиси пора олишда гумон қилиниб ушланган.
Маълум қилинишича, у Жиноят кодексининг 167-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатларини айбланувчи фойдасига ҳал қилиш, етказилган зарар миқдорини камайтириш ҳамда унга нисбатан эълон қилинган қидирувни бекор қилиш эвазига пора олганликда гумон қилинмоқда.
Ҳолат юзасидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Айни вақтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов натижалари бўйича қўшимча маълумот берилмаган. Гумон қилинувчининг айби судда исботланмагунча у айбсиз ҳисобланади.



