Ўзбекистон

Хоразмда тадбиркорнинг обекти ёнида Президент қарорига зид бўлган “дом” қурилмоқда: Кадастр маълумотлари ва суд қарори юзасидан жиддий саволлар бор

Akmal Eshonxonov55 кўришлар

Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаро Дилшод Раҳимов қурилиш билан боғлиқ ҳолат юзасидан прокуратурага мурожаат қилган.

Мурожаатда “Бротҳер Голд Ҳоус” хусусий корхонаси томонидан кўп қаватли турар-жой биноси қурилаётгани, бу эса тадбиркорга тегишли нотурар обектлар олдидаги ҳудуд ва кириш йўлларига таъсир қилаётгани таъкидланган.

Муаммо қаердан бошланган?

Раҳимовнинг баён қилишича, у тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида турмуш ўртоғи Матлуба Отаниёзова номига Қўшкўпир тумани, “Чаманзор” маҳалласи, Ал-Беруний кўчасида жойлашган бир нечта обектларни электрон онлайн ауксион орқали сотиб олган.

Унинг айтишича, мазкур обектлар аввал “Хадра Хасан” МЧЖга тегишли бўлган. Жамиятнинг кредит қарздорликлари сабабли мулклар ауксионга чиқарилган ва 2026-йил 27-апрел куни уларни қайта сотиб олган. Тадбиркор бу обектларда савдо мажмуаларини қайта ташкил этишни режалаштирган.

Бироқ унинг таъкидлашича, айнан шу обектлар олдида, йўлни тўсадиган ва мавжуд биноларга жуда яқин тарзда “Бротҳер Голд Ҳоус” томонидан кўп қаватли турар-жой қурилиши бошланган.

Рахимовнинг сўзларига кўра, қурилиш ташкилоти масъулларига бир неча марта мурожаат қилинганига қарамасдан, ишлар давом эттирилган.

Тадбиркор қайси ҳужжатларга таянади?

Мурожаатда “Хадра Хасан” МЧЖга тегишли бўлган кадастр ҳужжатларида бино-иншоотлар ва ҳудуд чегаралари белгилаб қўйилгани қайд этилган.

Рахимовнинг таъкидлашича, “Бротҳер Голд Ҳоус”га тегишли кадастр ва лойиҳа ҳужжатларидаги чегаралар билан унинг обекти чегаралари устма-уст тушишига оид ҳолатлар мавжуд. Шу сабабли у бир қатор давлат органларига мурожаат қилган. Масала судга ҳам олиб чиқилган.

Президент қарорида — экобозор, ҳокимлик баёнида эса 9 қаватли уйлар

Мазкур ишда яна бир муҳим ҳужжат бор. Қўшкўпир тумани ҳокимлигида ўша вақтда туман ҳокими бўлган Шуҳрат Аҳмедов раислигида ўтказилган йиғилиш якунида 67-сонли баён расмийлаштирилган. Унда Чаманзор маҳалласи, Ал-Беруний кўчаси 25 ва 25А-уйлар манзилида қурилиши режалаштирилган обектлар бўйича ишлаб чиқилган БРЛ маъқулланган. Ҳужжатда эса 9 қаватли, кўп хонадонли турар жой бинолари назарда тутилган.

Бу ерда энг муҳим савол — мазкур баён Президентнинг 2024-йил 29-ноябрдаги ПҚ-410-сонли қарорида белгиланган шартларга қай даражада мос келади?

Чунки ПҚ-410нинг 11-бандида “Қўшкўпир деҳқон бозори” МЧЖнинг 51 фоиз давлат улушини сотишга розилик берилганда, асосий шарт сифатида жамиятнинг фаолият турини сақлаб қолиш, консепсия асосида замонавий экобозор, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш (автотураргоҳ билан) ҳамда кўнгилочар мажмуа барпо этиш белгиланган.

Шунга қарамай, кейинчалик туман ҳокимлиги йиғилишида ушбу ҳудудда кўп қаватли турар жойлар қурилишини назарда тутувчи БРЛ маъқуллангани ҳужжатда қайд этилган. Демак, масала шунчаки «бир ҳужжатда уй қурилиши кўрсатилган» деган гап билан тугамайди. Бу ерда бир-бирига боғлиқ бир нечта ҳуқуқий савол пайдо бўлади: ПҚ-410да белгиланган шартлар ўзгарганми? Агар ўзгарган бўлса, ким ва қайси ҳуқуқий асосда ўзгартирган? Туман ҳокимлиги йиғилиши баёни Президент қарорининг мазкур талабларидан четга чиқиш учун мустақил ҳуқуқий асос бўла оладими?

Айниқса, ПҚ-410да кўрсатилган обектлар таркиби билан 67-сонли баёнда маъқулланган БРЛ таркиби ўртасида фарқ борлиги эътиборли. Шу сабабли 67-сонли баён ва унинг асосида кейин қабул қилинган шаҳарсозлик ҳужжатларининг ПҚ-410 талабларига мувофиқлиги ваколатли органлар томонидан ҳуқуқий жиҳатдан баҳоланиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

Қолаверса, ушбу йиғилишга раислик қилган Шуҳрат Аҳмедов 2023-йил ноябридан 2026-йил октябрига қадар Қўшкўпир тумани ҳокими лавозимида ишлаган. 2026-йил октябрида эса у Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари лавозимига тайинланган.

Шу боис бугун масала фақат қурилишнинг ўзи ҳақида эмас. Президент қарорида белгиланган шартлар билан туман ҳокимлигида қабул қилинган ҳужжат ўртасидаги ҳуқуқий боғлиқлик ва зиддият бор-йўқлигига ҳам аниқ баҳо берилиши керак.

Қолаверса, Дилшод Раҳимов мазкур қарорда кўп хонадонли турар-жой қурилиши назарда тутилмаган, деб ҳисоблайди. Унинг билдиришича, кейинчалик “Бротҳер Голд Ҳоус”га “Қўшкўпир деҳқон бозори” МЧЖнинг 51 фоиз давлат улушига нисбатан мулк ҳуқуқини тасдиқловчи 2025-Й-13/005-сонли давлат ордери берилган.

Ордерда жамият фаолият турини сақлаб қолган ҳолда замонавий экобозор, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш, автотураргоҳ ва кўнгилочар мажмуа барпо этиш шарти аниқ қайд этилган. Лекин, ҳокимлик...

Аммо кейин кўп қаватли уй қурилишига хулоса берилган

Мурожаатда энг асосий саволлардан бири — 2025-йил 1-ноябрда Хоразм вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси ҳузуридаги архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органи томонидан берилган 225858524-сонли хулоса билан боғлиқ.

Раҳимов мазкур хулоса “Бротҳер Голд Ҳоус”га кўп хонадонли уй қуриш имконини берганини, бироқ бундай қурилиш Президентнинг ПҚ-410-сонли қарорида назарда тутилмаганини таъкидламоқда.

Шунга асосан, у ушбу хулосани ҳақиқий эмас деб топишни сўраб Урганч туманлараро маъмурий судига мурожаат қилган. Бироқ суд Раҳимовнинг даъвосини қаноатлантирмаган.

Кадастр маълумотлари бўйича ҳам эътироз бор

Мурожаатда Давлат кадастрлари палатаси Хоразм вилояти бошқармаси томонидан 2026-йил 24-сентябрдаги 02-10790-сонли маълумотнома судга тақдим этилгани айтилган.

Раҳимов ушбу маълумотномада “Бротҳер Голд Ҳоус”га тегишли чегаралар Матлуба Отаниёзовага тегишли нотурар жой биноси ва унинг чегараларига дахл қилмаслиги кўрсатилганини билдирган. Бироқ тадбиркор бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини даъво қилмоқда.

Шу сабабли у прокуратурадан судга ёлғон маълумот тақдим этилган-тақдим этилмаганини текшириш, бунда айбдор шахслар бўлса, уларнинг жавобгарлиги масаласини ҳал этишни сўрамоқда. Бу ҳолатни, албатта, ваколатли органлар ҳужжатлар асосида текшириши керак.

Суд қарори юзасидан ҳам эътироз билдирилмоқда

Мурожаатчининг айтишича, суд мазкур масалани уч марта кўриб чиққан. Якунда эса Урганч туманлараро маъмурий суди аризани кўриб чиқиш учун белгиланган 6 ойлик муддат ўтганини асослардан бири сифатида келтирган.

Рахимов эса 225858524-сонли хулоса ҳақида унинг мавжудлигини олдиндан билмаганини таъкидламоқда. Унинг билдиришича, бу хулоса ҳақида 2026-йил 27-июл куни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспексиясининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармасидан жавоб олганидан кейин, 2026-йил август ойида иш материаллари билан танишиш жараёнида хабар топган.

Шу боис мурожаатчи суднинг муддатга оид хулосасига ҳам эътироз билдириб, қарорда нотўғри маълумотлар келтирилганини таъкидламоқда.

Прокуратурадан нима сўралмоқда?

Рахимов Хоразм вилояти прокуратурасидан мазкур ҳолатларни унинг иштирокида ва ҳужжатлар асосида ўрганишни сўраган.

Жумладан:

  • “Бротҳер Голд Ҳоус”га берилган қурилишга оид ҳужжатларни текшириш;

  • кадастр маълумотларининг ҳаққонийлигини ўрганиш;

  • судга тақдим этилган маълумотларда қонунбузилиш мавжуд ёки мавжуд эмаслигига ҳуқуқий баҳо бериш;

  • агар жиноят аломатлари аниқланса, масъул шахсларнинг жавобгарлиги масаласини ҳал қилиш;

  • Урганч туманлараро маъмурий судининг 2026-йил 25-сентябрдаги 5-2201-2601/882-сонли ҳал қилув қарори юзасидан қонун доирасида чора кўриш ва апелляция тартибида қайта кўриб чиқилишига эришиш сўралган.

Ҳозирча бу материалда келтирилган ҳолатлар мурожаатчи томонининг баёнотлари асосида баён қилинмоқда. “Бротҳер Голд Ҳоус”, Давлат кадастрлари палатасининг Хоразм вилояти бошқармаси ва суднинг мазкур эътирозларга муносабати алоҳида ўрганилиши лозим. ЭФФЕЦТ.УЗ ушбу ҳолат бўйича тегишли ташкилотларнинг расмий муносабатини ҳам эълон қилишга тайёр.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Хоразмда тадбиркорнинг обекти ёнида Президент қарорига зид бўлган “дом” қурилмоқда: Кадастр маълумотлари ва суд қарори юзасидан жиддий саволлар бор | Effect.uz