Ўзбекистонда оммавий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш тартибини такомиллаштириш бўйича янги қоидалар таклиф этилмоқда. Бу ҳақда Ҳукумат қарори лойиҳасида сўз боради.
Лойиҳага кўра, маданий тадбирлар, кўнгилочар-томоша дастурлари ва спорт мусобақаларига кириш чипталари электрон шаклда сотилиши белгиланмоқда. Очиқ майдонлардаги айрим тадбирлар бундан мустасно бўлади.
Шунингдек, чипталарни белгиланган нархдан юқори нархда қайта сотиш, қалбакилаштириш ва улардан такроран фойдаланишнинг олдини олиш чоралари жорий этилиши таклиф қилинмоқда.
Очиқ майдонларда доимий ўриндиқларсиз ўтказиладиган тадбирларда, қоида тариқасида, ҳар бир квадрат метрга кўпи билан бир нафар иштирокчи тўғри келиши мезони қўлланилади.
Қоидаларни бузган шахсларнинг оммавий тадбирларга кириши суд қарори асосида вақтинча чекланиши мумкин. 2027-йилдан бундай шахсларнинг электрон ҳисоби юритилиши режалаштирилмоқда.
Лойиҳада шахсини аниқлаш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда тадбирда иштирок этишни тақиқлаш ҳам назарда тутилган. Бунда белгиланган истиснолар мавжуд бўлади.
Оммавий тадбирларда фуқаролар оқими, иштирокчилар сони ва одамлар зичлигини назорат қилиш учун дронлардан фойдаланиш таклиф этилмоқда.
Бундан ташқари, фуқароларни бепул маҳсулот тарқатиш ёки ҳаддан ташқари арзон нархларда сотиш орқали оммавий тадбирларга жалб қилиш тақиқланиши мумкин.
Тадбир ўтказиладиган обектларнинг хавфсизлик талабларига мувофиқлиги йилига камида бир марта текширилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, ички ишлар, Миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар ва соғлиқни сақлаш органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизматларини пулли асосда амалга ошириш назарда тутилган. Бунда айрим истиснолар бўлади.
Сайловолди ташвиқоти билан боғлиқ оммавий тадбирлар ҳамда кўчма сирк томошалари учун рухсатнома талаб қилинмаслиги таклиф этилмоқда. Бундай ҳолатларда ваколатли орган камида 10 иш куни олдин хабардор қилиниши керак бўлади.
Эслатма: юқоридаги қоидалар Ҳукумат қарори лойиҳасида таклиф этилган. Лойиҳа муҳокама ва қабул қилиш жараёнида ўзгариши мумкин.




