Ўзбекистон

Ўзбекистонда жиноятчиликни сунъий интеллект ёрдамида прогноз қилиш тизими жорий этилади

Akmal Eshonxonov6 кўришлар
Ўзбекистонда жиноятчиликни сунъий интеллект ёрдамида прогноз қилиш тизими жорий этилади

Ўзбекистонда криминоген вазиятни рақамли назорат қилиш, таҳлил этиш ва прогнозлаш тизими жорий қилинади. Бу Президентнинг 2026-йил 6-ноябрдаги ПФ-241-сон фармонида белгиланган.

Фармонга кўра, Бош прокуратура томонидан «Ягона криминоген маълумотлар платформаси» ишга туширилади. У жиноятчилик динамикасини ҳудудлар, маҳаллалар ва жиноят турлари кесимида ярим йиллик ҳамда йиллик муддатларга прогноз қилади.

Шунингдек, «Криминоген барқарорлик индекси» жорий этилади. Унда жиноятчилик динамикаси, ижтимоий-иқтисодий омиллар, инфратузилма хавфлари ва аҳолининг хавфсизлик ҳисси ҳисобга олинади.

Вазирлик, идоралар ва ҳокимликларнинг жиноятчилик профилактикаси соҳасидаги фаолияти КПИ асосида баҳоланиб, уларнинг рейтинги юритилади.

Платформага Ички ишлар вазирлиги, «112» хизмати, ижтимоий ҳимоя, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа тизимларнинг маълумотлари автоматик равишда келиб тушади. Маълумотларни тақдим этмаслик, кечиктириш ёки нотўғри киритиш учун жавобгарлик белгиланади.

«Оғир» криминоген ҳудуд деб топилган жойларда ҳоким раҳбарлигида уч сутка ичида тезкор штаб тузилади. Бир ой давомида жиноятчилик сабаблари аниқланиб, манзилли чора-тадбирлар режаси тасдиқланади. Режа ижроси ярим йилда оралиқ баҳоланади, йил якунида эса уни бажармаган масъулларнинг жавобгарлиги кўриб чиқилади.

Фармон билан ҳар йили миллий виктимологик сўровлар, шунингдек, аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва ҳуқуқ-тартибот органларига ишончи бўйича сўровлар ўтказилиши белгиланди.

Бош прокуратурада Криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш устидан назорат бошқармаси ҳамда Рақамли таҳлил ва прогнозлаш бўлими ташкил этилади.

Фармонда сунъий интеллект таҳлили ва прогноз натижалари шахсга нисбатан ҳуқуқий оқибатли қарор қабул қилиш учун мустақил асос бўла олмаслиги белгиланган. Шу билан бирга, шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш талабларига қатъий риоя этилади.

2027-йил март ойи якунигача идоралар зарур маълумотларни хатловдан ўтказиб, рақамлаштиради. 2027-йил охиригача платформа Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида синовдан ўтказилади. 2028-йилдан бошлаб эса тизим барча ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилади.

Фармон билан 2026–2030-йилларга мўлжалланган Консепсия ва 2026–2027-йиллар учун «Йўл харитаси» тасдиқланди. Ҳар йили Президентга криминоген вазият бўйича таҳлилий ахборотнома киритиб борилади.

Фармон ижросига Бош прокурор Н.Т. Йўлдошев шахсан масъул этиб белгиланди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ўзбекистонда жиноятчиликни сунъий интеллект ёрдамида прогноз қилиш тизими жорий этилади | Effect.uz