Ўзбекистон

Метанлар фаолияти вақтинча чекланиши мумкин

Akmal Eshonxonov7 кўришлар
Метанлар фаолияти вақтинча чекланиши мумкин

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, 9–11-ноябр кунлари Ўзбекистон ҳудудида ёмғир, шимолий ва тоғли ҳудудларда эса қор ёғиши кутилмоқда. Тунги ҳарорат шимолда −7 даражагача, бошқа ҳудудларнинг айрим жойларида −1…−2 даражагача пасайиши мумкин.

Энергия таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида Энергетика вазирлиги ва тизим ташкилотлари томонидан зарур чоралар кўрилмоқда. Тошкент шаҳри ва бошқа ҳудудларда иситиш мавсумини бошлаш ишлари олиб борилмоқда.

Газ таъминотида хонадонлар, мактаблар, боғчалар, шифохоналар ва бошқа ижтимоий обектларга устуворлик берилади.

Зарурат туғилган тақдирда, мавсумий истеъмолчилар, жумладан, автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти вақтинча чекланиши мумкин. Чекловлар ҳокимликлар билан келишилган ва тасдиқланган графиклар асосида жорий этилади. Истеъмолчилар бу ҳақда олдиндан хабардор қилинади.

Газ ёки электр таъминотида муаммо юзага келган тақдирда, фуқаролар қуйидаги рақамлар орқали 24 соат давомида мурожаат қилишлари мумкин:

  • 1104 — газ босими ва таъминоти;

  • 104 — газ авария хизмати;

  • 1154 — электр узилишлари ва тармоқ носозликлари.

Мурожаатлар масъул мутахассисларга етказилиб, муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилади.

Энергия ресурсларига ноқонуний уланиш ёки улардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ҳақида «Ўзенергоинспексия»нинг +998 71 208-10-15 рақамига хабар бериш мумкин.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Метанлар фаолияти вақтинча чекланиши мумкин | Effect.uz