Ўзбекистон

Ўзбекистонда ягона криминоген маълумотлар платформаси яратилади

Akmal Eshonxonov32 кўришлар
Ўзбекистонда ягона криминоген маълумотлар платформаси яратилади

Ўзбекистонда жиноятчилик сабабларини таҳлил қилиш, ҳудудлардаги криминоген вазиятни назорат қилиш ва прогнозлаш мақсадида Ягона криминоген маълумотлар платформаси ишлаб чиқилади. Бу Президентнинг 2026-йил 6-ноябрдаги ПФ–241-сон фармонида белгиланган.

Платформада жиноятларнинг обектив ва субектив сабаблари, уларни бартараф этишга масъул идоралар ва мансабдор шахслар, шунингдек, амалга оширилиши лозим бўлган чоралар бўйича электрон реестр юритилади. Кўрилган чоралар натижалари инсон омилисиз ойлик, ярим йиллик ва йиллик тартибда назорат қилинади.

Ҳудудлар, маҳаллалар ва жиноят турлари кесимида жиноятчилик динамикаси ярим йиллик ҳамда йиллик прогноз қилинади. Криминоген вазияти оғир ҳудудларга вазиятни барқарорлаштириш чораларини назарда тутувчи хабарномалар юборилади.

Платформани 2027-йил якунига қадар Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида тажриба тариқасида ишга тушириш режалаштирилган. 2028-йилдан эса тизимни республика ҳудудларида босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.

Фармонга мувофиқ, ҳар йили аҳоли ўртасида миллий виктимологик сўров ўтказилади. Шунингдек, аҳолининг хавфсизлик ҳисси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ишончини ўрганишга қаратилган ижтимоий сўровлар ташкил этилади.

Ёшлар, вояга етмаганлар, аёллар, илгари судланган ва пробация ҳисобидаги шахслар, «қизил» тоифадаги маҳаллалар ҳамда бошқа йўналишлар бўйича манзилли криминологик тадқиқотлар ҳам ўтказиб борилади.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Ўзбекистонда ягона криминоген маълумотлар платформаси яратилади | Effect.uz