Ўзбекистон

«Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» – ИИВдаги қабул тафсилотлари

Akmal Eshonxonov14 кўришлар
«Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» – ИИВдаги қабул тафсилотлари

Ички ишлар вазирининг навбатдаги сайёр қабулида мамлакатнинг деярли барча ҳудудларидан келган фуқароларнинг мурожаатлари кўриб чиқилди. Айрим масалалар жойида ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб этган мурожаатлар масъулларга ижро учун берилди.

Қабул Тошкент шаҳридаги мажмуада ўтказилиб, Тошкент шаҳри ва вилояти аҳолиси учун соат 18:00 гача давом этди. Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятлар аҳолиси мурожаатлари эса соат 18:00 дан 22:00 гача видеоконференсалоқа орқали қабул қилинди.

Мурожаатлар мазмуни турлича. Фуқаролар ички ишлар органларига ишга кириш, хизматга тикланиш, ходимларнинг хатти-ҳаракатлари, тергов жараёнлари ва бошқа масалалар бўйича мурожаат қилди.

Қабул давомида фуқаролар билан юзма-юз мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди. Қўшимча муддат талаб қиладиган ҳолатлар ижрога қабул қилиниб, масъулларга аниқ вазифалар белгиланди. Айрим мурожаатлар бўйича эса ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, вазир ўринбосарлари ва соҳавий хизматлар раҳбарлари томонидан алоҳида қабуллар ташкил этилди.

Қабулда иштирок этган айрим фуқаролар муаммоларига ечим изланаётгани ва масъуллар томонидан мурожаатлари эшитилаётганини таъкидлади.

«Тез вақтда масаламни ҳал қилиб беришди», — дейди мурожаатчилардан бири.

Яна бир фуқаро эса қабулдаги очиқ мулоқот ва масъул ташкилотлар раҳбарларининг мурожаатларни бевосита эшитаётганини ижобий баҳолади.

Қабулнинг иккинчи қисмида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар аҳолиси учун видеоконференсалоқа орқали мулоқотлар давом эттирилди. Ҳудудий ички ишлар органларида яратилган шароитлар орқали фуқаролар ўз мурожаатларини онлайн йўллаш имконига эга бўлди.

Мурожаатлар юзасидан тегишли масъулларга уларни белгиланган муддатларда ҳал этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Аслида, бундай қабулларнинг аҳамияти ҳам шунда — фуқаронинг муаммоси эшитилиши, унинг мурожаати эътиборсиз қолмаслиги ва қонун доирасида ечим топиши.

Зеро, давлат раҳбари таъкидлаганидек:

«Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак».

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

«Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» – ИИВдаги қабул тафсилотлари | Effect.uz