Наманганда фуқарони хусусий университетнинг 3-курсига ўқишга кўчириб қўйишни ваъда қилган шахс 18 миллион сўм олаётган вақтида ушланган. Таълим ва илм-фан вазирлиги бундай ҳолатлардан огоҳлантирди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотга кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Наманган вилояти бошқармаси тезкор тадбири давомида мазкур шахс ушланган ва ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Таълим ва илм-фан вазирлиги фуқароларни ўқишга қабул қилиш ёки бошқа ОТМдан ўқишни кўчириш билан боғлиқ «синовсиз 3-курсга киритиб қўямиз», «муддатидан кейин кўчириб берамиз» каби ваъдаларга ишонмасликка чақирди.
Амалдаги тартибга кўра, хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан ўқишни кўчириш учун аризалар ҳар йили 15-июлдан 5-августгача махсус электрон платформа орқали қабул қилинади.
Ўқишни кўчириш Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ўтказиладиган махсус синовлар натижалари асосида амалга оширилади.
Шунингдек, нодавлат ОТМларга қабул қилинган талабалар ҳақидаги буйруқлар 1-октябрдан кечиктирмай ҲЕМИС тизимида рўйхатдан ўтказилиши шарт.
Вазирлик фуқароларни фақат белгиланган тартиб ва расмий платформалардан фойдаланишга, қабул қилинганидан сўнг маълумотлари ҲЕМИС тизимига киритилганини текширишга чақирмоқда.
Шубҳали таклифлар ёки қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида Коррупсияга қарши курашиш агентлигининг 1253 ёки вазирликнинг 1006 қисқа рақами орқали хабар бериш мумкин.
Эслатма: ўқишга қабул қилиш ёки ўқишни кўчиришни пул эвазига, белгиланган тартибни четлаб ўтиб ҳал қилиб беришни ваъда қилаётган шахсларга ишониш моддий зарар ва қонун олдида жавобгарликка олиб келиши мумкин.




