Эффецт.уз журналисти Бекзод Раҳмонов савол берди, масъул раҳбар беш иш кунида ўрганишга ваъда берди. Аммо орадан қарийб бир ярим ой ўца-да, фуқаролар кутган аниқ жавоб ҳануз йўқ. Бу орада эса гап 2,5 гектар ҳудуддаги 1700 дан ортиқ дарахт тақдири ва кадастр ҳужжатларига киритилган ўзгартишларнинг ҳуқуқий асоси ҳақида кетмоқда.
Жорий йилнинг 17-сентябр куни Кадастрлар палатаси раисининг вақтинча вазифасини бажарувчи Бекзод Каримовнинг сайёр қабули бўлиб ўтган эди.
Унда Тошкент тумани Қизғалдоқ МФЙ фуқаролари ҳудуддаги дарахтлар тақдири, шунингдек, 2021-йилда қабул қилинган 677-сонли ер ажратиш қарори юзасидан саволларни кўтаришган.
Масаланинг диққатга сазовор жиҳати шундаки, фуқаролар тақдим этган маълумотларга кўра, 677-сонли қарорда 2,5 гектар ер майдони Қизғалдоқ ҳудудидаги Боғизилол МФЙ номи билан кўрсатилган.
Бироқ уларнинг айтишича, 2024-йилда Кадастрлар палатасининг Тошкент тумани бўлими томонидан мазкур қарордаги маҳалла номи Қизғалдоқ МФЙ сифатида ўзгартирилиб, маълумотлар УЗКАД тизимига киритилган ва кадастр ҳужжати расмийлаштирилган.
Шу ўринда асосий савол пайдо бўлади:
Маҳалла номи қайси ҳуқуқий асосда ўзгартирилган? Бу ўзгартиш қайси ҳужжатга таянган? Уни тасдиқловчи қонуний асос мавжудми?
Сайёр қабул давомида журналист ҳам айнан шу саволни Бекзод Каримовга берган.
Кадастрлар палатаси раҳбарининг вақтинча вазифасини бажарувчиси эса масала беш иш куни ичида жойига чиққан ҳолда ўрганилишини, зарурат бўлса, масъул ходимларнинг хатти-ҳаракатларига қонуний баҳо берилишини маълум қилган. Аммо ваъда қилинган беш иш кунидан анча ўтди.
Орадан қарийб бир ярим ой вақт ўтганига қарамай, фуқароларни қизиқтираётган асосий саволларга аниқ ва ҳуқуқий асосланган муносабат билдирилмаган.
Айни пайтда эса масаланинг яна бир муҳим томони бор.
2,5 гектар ҳудудда жойлашган 1700 дан ортиқ дарахтни мажбурий тартибда кўчириш масаласи кун тартибида турибди.
Фуқароларнинг фикрича, сайёр қабулдан кутилган натижа бўлмаган. Улар масъул раҳбарнинг ваъдасига ишонган, аммо амалда 2024-йилда кадастр ҳужжатларига қандай асосда ўзгартиш киритилгани тушунтирилмагани ва масъул ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилгани ҳақида жамоатчиликка маълумот берилмаганини айтмоқда.
Шу боис бир нечта саволга жавоб керак:
677-сонли қарордаги маҳалла номи ўзгартирилган бўлса, бу қайси ҳужжат асосида амалга оширилган?
Ушбу ўзгартишни УЗКАД тизимига ким ва қайси асосда киритган?
Нега беш иш кунида ўрганилиши айтилган масала қарийб бир ярим ой ўца-да, ҳануз очиқ қолмоқда?
Сайёр қабуллар фуқароларнинг муаммосини эшитиш билангина чекланмаслиги, берилган ваъдаларнинг ижроси ҳам таъминланиши керак эмасми?
ЭФФЕЦТ.УЗ мазкур ҳолат юзасидан Кадастрлар палатаси раҳбариятидан расмий муносабат кутади.
Хусусан, 677-сонли қарорга киритилган ўзгартишларнинг ҳуқуқий асослари, УЗКАД тизимига маълумотларни киритиш тартиби ҳамда масъул ходимларнинг ҳаракатлари юзасидан аниқ изоҳ бериш сўралади. Чунки масала фақат ер майдони ёки кадастр ҳужжатида эмас.
Гап 1700 дан ортиқ дарахт тақдири, 2,5 гектар ҳудуд ва фуқароларнинг қонуний ҳуқуқлари ҳақида кетмоқда.



