Жамият

“Вазият издан чиқиб кетган, энди офисга боришга уяламан” – Марат Ҳамдамовнинг янги аудиоси тарқалди, у аввал Жасур Азизовни компанияни тортиб олишга уринганликда айблаган эди

Akmal Eshonxonov48 кўришлар
“Вазият издан чиқиб кетган, энди офисга боришга уяламан” – Марат Ҳамдамовнинг янги аудиоси тарқалди, у аввал Жасур Азизовни компанияни тортиб олишга уринганликда айблаган эди

Эффецт.узъга ИМАРАТ ДЕВЕЛОПМЕНТ билан боғлиқ янги аудиоёзув келиб тушди. Унда компания билан боғлиқ низолар марказида бўлган тадбиркор Марат Ҳамдамовга тегишли экани айтилган аудиода компаниянинг келгуси тақдири, мижозлар олдидаги мажбуриятлар ва бренд номини ўзгартириш масалалари муҳокама қилинган.

Аудиода Ҳамдамов Жасур исмли шахсга мурожаат қилиб, ҳозирги вазият туфайли компания офисига бориб, мижозлар билан мулоқот қилишга қийналаётганини айтади.

«Ҳозирги пайтда мен бориб, қандайдир клиентлар билан гаплаша олмайман... Ҳозир вазиятни кўрдингиз-ку, вазият издан чиқиб кетиб қолди. Мен ҳам энди офисга боришга уяланаман», — дейилади аудиода.

Шунга қарамай, у келгусида экскурсиялар, топшириқлар, интервюлар ва бошқа форматларда ёрдам бериш мумкинлигини билдирган.

Аудиодаги энг эътиборли жиҳатлардан бири эса — компания брендини ўзгартириш ҳақидаги фикрлар.

Ҳамдамовнинг аудиода айтишича, энг осон йўллардан бири бренд номини ўзгартириш бўлиши мумкин. Аммо у буни ҳозир амалга ошириш одамларни хавотирга солиши мумкинлигини таъкидлаган.

«Енг осон йўли — бренднинг номини ўзгартириш керак. Лекин ҳозир эмас, одамларни хавотирга туширмасдан. Биринчи ўринда ҳозир топшириб, бренднинг номини кейин ўзгартириб, аста-секин сиз ўз йўлингизда, мен ўз йўлимда кетаверамиз», — дейилади аудиода.

У, шунингдек, аввалги лойиҳалар мижозларга топширилганидан кейин компания номи ва ўзининг компаниядан чиқиши ҳақида очиқ эълон қилиш мумкинлигини билдирган.

«Жойларни топширгандан кейин... биринчи этапларни барибир эълон қилиб қўйиш керак. Чунки одамларда тушунмовчилик бўлмаслиги учун ўзингизга ҳам яхши», — деган у.

Бу аудио аввалги можарони яна кун тартибига олиб чиқди

Мазкур аудио Марат Ҳамдамов ва Жасур Азизов ўртасидаги аввалги зиддиятлар фонида тарқалмоқда. Бундан аввал Марат Ҳамдамов ижтимоий тармоқлардаги видеомурожаатларида айрим ҳамкорлари томонидан ИМАРАТ ДЕВЕЛОПМЕНТъни ундан тортиб олишга ҳаракат қилингани, ўзи ва оила аъзоларига босим ўтказилгани ҳақида даъволар билдирган эди.

Хусусан, у Жасур Азизов билан боғлиқ ҳолатларни ҳам тилга олган ва компаниядаги таъсисчилик ҳамда бошқарув масалалари юзасидан низо борлигини айтган. Бу даъволар ўша пайтда Ҳамдамовнинг шахсий баёнотлари сифатида тарқалган.

Шунингдек, у компания номи унинг розилигисиз «Имарат Девелопмент»дан «Имтияз»га ўзгартирилганини ҳам даъво қилган.

Айни пайтда иш терговда

Бу орада вазият ҳуқуқий босқичга ўтган. Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, 1-ноябр куни ИМАРАТ ДЕВЕЛОПМЕНТ раҳбариятига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси — фирибгарлик ҳамда 192-11-моддаси — нодавлат ташкилотида мансабдор шахснинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ишга компания томонидан айрим уй-жойлар Тошкент шаҳрида қурилиши ваъда қилингани, кейин эса лойиҳалардан бири Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида амалга оширилаётгани аниқлангани ва айрим харидорлар маблағларини қайтаришни талаб қилгани сабаб бўлгани айтилган.

2-ноябр куни Марат Ҳамдамов процессуал тартибда ушланган. ИИББ маълумотида жиноят иши доирасида М.Ҳ. ва Ж.А. ушлангани билдирилган. Очиқ манбаларда Ж.А.нинг айнан Жасур Азизов экани расмий равишда очиқланмаган.

3-ноябр куни эса Миробод туман жиноят ишлари бўйича суди Марат Ҳамдамовга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўллаш ҳақида қарор чиқарган. Айни вақтда тергов давом этмоқда. Шу сабабли Марат Ҳамдамов ва Жасур Азизовга нисбатан билдирилаётган ҳар қандай айбловларга суднинг якуний ҳуқуқий баҳоси берилган деб бўлмайди.

Энг қизиғи, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган янги аудиода Марат Ҳамдамовнинг аввалги баёнотларидан фарқли равишда, компаниянинг келажаги, брендни ўзгартириш ва ўзининг ундан чиқиши ҳақида бошқача ёндашув билдирилаётганидир.

Бу аудио қачон ва қандай шароитда ёзилгани, суҳбатдаги шахсларнинг айнан ким экани ҳамда аудио тўлиқ ёзувнинг контексти ҳозирча очиқ манбаларда тасдиқланмаган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

“Вазият издан чиқиб кетган, энди офисга боришга уяламан” – Марат Ҳамдамовнинг янги аудиоси тарқалди, у аввал Жасур Азизовни компанияни тортиб олишга уринганликда айблаган эди | Effect.uz