Ўзбекистонда 2026-йил октябр ойида товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,6 фоизга ошди.
Йиллик инфляция 6,5 фоизни ташкил этди. Айрим озиқ-овқат маҳсулотлари эса бир ойда сезиларли қимматлашди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, йиллик инфляция 2025-йил октябр ойидаги кўрсаткичга нисбатан 1,3 фоиз пунктга пасайган.
Октябр ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 1 фоизга, ноозиқ-овқат товарлари 0,2 фоизга, пулли хизматлар эса 0,6 фоизга қимматлашди.
Озиқ-овқат маҳсулотлари орасида тухум нархи 5,2 фоизга, қўй гўшти 1,4 фоизга, суякли мол гўшти 1,2 фоизга, қийма 1,1 фоизга ва сут 1 фоизга ошди. Шакар эса 2,2 фоизга арзонлашди.
Сабзавотлардан бақлажон ва бодринг 9 фоизга, помидор 8,8 фоизга, булғор қалампири 8,7 фоизга, картошка 5,3 фоизга қимматлашди.
Айни вақтда лимон 15 фоизга, узум 7,5 фоизга, олма 3 фоизга ва банан 1,3 фоизга арзонлашган.
Ёнилғи нархларида ҳам ўсиш кузатилди: бензин 1 фоизга, пропан 0,4 фоизга қимматлашди. Метан нархи ўзгармади.
Хизматлар соҳасида совуқ сув ва канализация тарифлари 4,7 фоизга, репетиторлик 1,6 фоизга, такси 1,3 фоизга, чет тиллари курслари 0,8 фоизга ошди.
Нархлар мониторинги 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтасида ўтказилиб, 3 миллиондан зиёд нарх қайд этилди. Кузатувлар 419 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 98 турдаги хизматларни қамраб олган




