Куз-қиш мавсумида газ ва кўмир таъминотидаги қонунбузилишларга йўл қўйилмаслиги учун масъулларга топшириқлар берилди.
Аҳолига ажратилган газ ва кўмирни ўз вақтида ҳамда тўлиқ етказиб бериш, ташиш ва тақсимлаш жараёнларида талон-торожлик ҳолатларининг олдини олиш устидан назорат кучайтирилади.
Ички ишлар вазири Азиз Ташпулатов иштирокида ўтказилган йиғилишда бу борада масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Унда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва «ЛПГ-Траде» МЧЖ вакиллари ҳам қатнашди.
Йиғилишда газ баллонларини белгиланган график асосида етказиб бериш, аҳолидан асоссиз тўлов талаб қилиш ва газни меъёрдан кам бериш ҳолатларининг олдини олиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, омборлар ва газ тўлдириш шохобчаларини қўриқлашни кучайтириш, таъминотдаги узилишлар бўйича аҳоли мурожаатларини ҳал этиш вазифалари белгиланди.
Маълум қилинишича, сўнгги бир ой давомида 333 тоннадан ортиқ кўмир, қарийб 93 тонна суюлтирилган газ ва 9 139 та газ баллони ноқонуний муомаладан олинган.




