Жамият

Карманада чала қолган йўл: Ҳоким аҳоли мурожаатларига бефарқми?

Akmal Eshonxonov21 кўришлар

Эффецт.уз таҳририятига Навоий вилояти Кармана туманидан йўл таъмири билан боғлиқ мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда "Айрончи" МФЙ аҳолиси маҳалла кўчасининг асфалтлаш ишлари бир йилдан буён якунига етказилмаётгани, йўлга ҳар сафар оз миқдорда асфалт ётқизилиб, ишлар чала қолдирилаётганидан норозилик билдирган.

Мазкур ҳолатни ўрганиш, аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммони жойида кўриш, шунингдек, туман ҳокимлиги қандай муносабат билдиришини билиш мақсадида Эффецт.уз ходимлари аҳоли билан биргаликда Кармана туманига борди.

Таҳририят вакиллари муаммони холисона ёритиш ҳамда туман ҳокимининг ушбу мурожаатдан хабардор ёки хабардор эмаслигини аниқлаш мақсадида ҳоким билан учрашишни ҳам режалаштирган эди.

Бироқ, афсуски, туман ҳокими аҳоли ва ОАВ вакилларини қарийб икки соат куттирганига қарамай, учрашувга келмади. Эътиборли жиҳати, ҳокимлик ходимлари журналистларга бир неча бор «ҳоким ҳозир келади», дея маълумот берган. Аммо икки соат давомида кутилган учрашув амалга ошмади.

Шундан сўнг таҳририят ходимлари "Айрончи" МФЙга бориб, аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган ҳолатни ўз кўзлари билан кўрди.

Маҳалла аҳолисининг таъкидлашича, йўл таъмири бир йилдан буён тўлиқ якунланмаган. Қурувчилар келиб, кўчанинг кичик қисмига асфалт ётқизиб кетиши, қолган қисмлар эса таъмирсиз қолиши айтилмоқда. Шунингдек, аҳоли ётқизилган асфалт сифати ҳам талабга жавоб бермаётганини билдирмоқда.

Муаммо фақат чала қолган йўлда эмас. Аҳоли қиш мавсуми яқинлашаётганидан ва ёғингарчиликдан хавотирда. Уларнинг сўзларига кўра, кўчадаги кучли чанг болаларнинг мактабга бориб-келишини қийинлаштирмоқда. Айрим болаларда аллергия билан боғлиқ муаммолар кузатилаётгани ҳам айтилди.

Ёғингарчилик бошлангач, ҳозирги чангли йўл лойга айланиши, бу эса, айниқса, мактаб ўқувчилари учун янада қийинчилик туғдириши мумкин.

«Ҳоким бизга ёрдам бермаса, кимга мурожаат қиламиз?» — дея аҳоли ўз эътироз ва хавотирларини билдирмоқда.

Мурожаатчиларнинг айтишича, улар бу муаммо юзасидан бир неча бор тегишли идораларга мурожаат қилган, аммо ҳозирга қадар сезиларли ўзгариш бўлмаган.

Эффецт.уз таҳририяти мазкур ҳолат юзасидан Кармана туман ҳокимлигидан расмий изоҳ кутиб қолади. Шунингдек, йўл таъмирининг нега ўз вақтида якунланмагани, асфалт сифати ва аҳоли мурожаатлари бўйича қандай чоралар кўрилаётганига ойдинлик киритилишини сўрайди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Карманада чала қолган йўл: Ҳоким аҳоли мурожаатларига бефарқми? | Effect.uz