Баҳодир Қурбонов ШҲТ плюс экспертлар мулоқотида рақамли технологиялардан террорчилик мақсадларида фойдаланиш кўлами ортиб бораётганини таъкидлади.
2026-йил 6-ноябр куни Самарқанд шаҳрида Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс биринчи экспертлар мулоқоти бўлиб ўтмоқда.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-полковник Баҳодир Қурбонов кириш сўзи билан очди.
У ўз нутқида террорчилик ва экстремистик ташкилотлар ўз мафкурасини тарқатиш, тарафдорларни ёллаш, террорчилик ҳаракатларини молиялаштириш, уларга тайёргарлик кўриш ва амалга оширишда рақамли технологиялардан фаол фойдаланаётганига эътибор қаратди.
«Биргина 2026-йилда экстремистик ва террорчилик хусусиятига эга 49 мингдан зиёд интернет-ресурс аниқланган бўлиб, бу 2025-йилги кўрсаткичга (43 мингга яқин) нисбатан 14 фоиз кўпдир. Бундай тенденсия радикал ғояларни тарғиб қилишда глобал тармоқдан фойдаланиш кўлами ортиб бораётганини яққол кўрсатади», — деди ДХХ раиси.
Баҳодир Қурбонов 2021–2026-йилларга мўлжалланган Экстремизм ва терроризмга қарши курашиш бўйича миллий стратегияни амалга ошириш доирасида идоралараро ва халқаро ҳамкорлик механизмлари такомиллаштирилганини таъкидлади.
Унинг қайд этишича, Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган ишлар халқаро рейтингларда ҳам ўз аксини топмоқда. Жумладан, 2026-йилги Глобал терроризм индексида Ўзбекистон 96-ўринни эгаллагани ва минимал хавф тоифасига киритилгани терроризмга қарши курашишдаги миллий ёндашув самарадорлигини намоён этган.
ДХХ раиси рақамли трансформация даврида хавфсизликни таъминлашнинг устувор йўналишларига ҳам тўхталди. Улар қаторида рақамли муҳитда террорчилар фаолиятининг янги шакл ва усулларини аниқлаш, шунингдек, сунъий интеллектдан террорчилик мақсадларида фойдаланишнинг олдини олиш масалалари қайд этилди.
Нутқ якунида мазкур мулоқотни ўтказиш ғоят долзарб ва зарур экани таъкидланди. Тадбир доирасида иштирокчилар хавфсизликка оид мавжуд таҳдид ва хавф-хатарларни муҳокама қилиб, халқаро ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ягона чора-тадбирларни ишлаб чиқиши кутилмоқда.




