Вобкентлик ҳайдовчи Ш.Р. уч йилга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиниб, 16,48 млн сўм жаримага тортилди. Ишдаги ягона лаборатория хулосаси унинг қони ва сийдигида спирт йўқлигини тасдиқлаган. Шунга қарамай, туман суди, вилоят суди ва Олий суд судяси жазони фақат фойдаланишга рухсат этилмаган алкотестернинг 0,155 мг/л кўрсаткичига таяниб ўз кучида қолдирди.
Бу иш битта ҳайдовчининг тақдири ҳақида эмас. Бу — судлар далилларни қонун талаби асосида эмас, айблов томонининг қулайлигига қараб баҳолаётгани ҳақида.
Иш қандай кўрилди
Хато биринчи кунидан бошланган ва ҳар бир инстансияда тузатилиш ўрнига мустаҳкамланган.

Эътибор беринг: метрология институтининг расмий жавоби биринчи инстансия судидан аввал мавжуд эди. Суд уни кўриш имконига эга бўлган, лекин баҳо бермаган.
Судлар йўл қўйган олти қонун бузилиши
Ҳар бир бузилиш алоҳида қарорни бекор қилиш учун етарли. Биргаликда эса улар судларнинг ишни бир томонлама кўрганини кўрсатади.
1. Реестрда йўқ мослама кўрсаткичи далил сифатида қабул қилинган
Қонун нима дейди: Мастликни аниқлаш тартиби тўгрисидаги Низомнинг (АВ рўйхат № 3099) 2 ва 23-бандлари фақат сертификатланган, қўллашга рухсат этилган ва текширувдан ўтган воситани талаб қилади.
Суд нима қилди: Метрология институти «АлцоСтоп 8000С» (А601627) ҳодиса куни реестрда бўлмагани ва ундан фойдаланиш мумкин эмаслигини расман тасдиқлаган. Ҳар икки суд бу хатга ҳуқуқий баҳо бермаган — уни рад ҳам этмаган, қабул ҳам қилмаган. Қонунга зид равишда олинган кўрсаткич айбловнинг ягона асосига айланган.
2. Лаборатория хулосаси эътиборсиз қолдирилган
РСТЕИАМ Бухоро филиали суд-кимё бўлими ҳайдовчининг қони ва сийдигида этил спиртини аниқламаган. Бу — ишдаги ягона лаборатория далили ва у прокуратура қарори билан, қонуний тартибда олинган.
Эксперт Л.Тўхтаев судда спирт изи қон ва сийдикда уч суткагача сақланишини айтган. Намуналар эса тестдан тахминан 3 соат ўтиб олинган. Спирт бўлганида, у аниқланган бўлар эди. Судлар бу илмий далилдан сифати шубҳали мослама кўрсаткичини устун қўйган ва буни асосламаган.
3. Мослама хатолиги ҳисобга олинмаган
Ишлаб чиқарувчи белгилаган хатолик инобатга олинса, мослама соз бўлганда ҳам мастлик исботланмайди:

Оралиқнинг қуйи нуқтаси чегарадан паст. Эксперт ҳам бундай кўрсаткич чеснок ёки сиркали маҳсулотдан ҳам чиқиши мумкинлигини айтган; ҳайдовчи шифокор тавсияси билан мунтазам чеснок истеъмол қилади. Судлар бу арифметикага ҳам жавоб бермаган.
4. ДЙҲХХ ходимларининг қонун бузиши ҳайдовчи зиммасига агдарилган
Низомнинг 11-бандига кўра, ҳайдовчи этироз билдирса, ходим уни туман даволаш-профилактика муассасасига олиб бориши шарт. 17-бандга кўра, текширув бир соат ичида ўтказилиши керак.
Апелляция қарорининг ўзида ҳайдовчи мастликни аниқлаш ваколати йўқ вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига олиб борилгани қайд этилган. Яъни суд қонун бузилганини ўзи ёзиб қуйиб, унинг оқибатини ҳайдовчи зиммасига юклаган. Ходимлар айби билан утган вақт фуқарога қарши далил бўла олмайди.
5. Апелляция суди алоқаси йўқ нормага таянган
Вилоят суди «Низом 33-бандидаги икки соатлик қайта текширув муддати ўтиб кетган» деган. Лекин 33-банд тиббий хулосага этироз ҳақида. Бу ишда қонуний тиббий текширувнинг ўзи ўтказилмаган, этироз эса алкотестерга билдирилган. Бу ҳолат 11-банд билан тартибга солинади. Нотўғри нормани қўллаш — моддий ҳуқуқ нормасини бузишнинг очиқ шакли.
6. Эксперт кўрсатмаси қарорда тескари баён қилинган
Апелляция қарорида эксперт гўё «спирт аниқланмаслиги мумкин» дегандек ёзилган. Аслида у тескарисини айтган: спирт изи уч сутка сақланади, 0,155 мг/л эса овқатдан ҳам чиқиши мумкин. Суд актида далилнинг мазмунини бузиб кўрсатиш — жиддий процессуал нуқсон. Буни суд мажлиси баённомаси ва аудиоёзуви билан текшириш мумкин.
Шубҳа нега ҳайдовчи зиддига ҳал қилинди?
Конституциянинг 28-моддаси аниқ: айбга оид бартараф этилмаган шубҳалар шахс фойдасига ҳал қилинади. Бу ишда эса учта суд инстансияси бу конституциявий кафолатни амалда тескарисига айлантирди.
Бир томонда — реестрда йўқ, хатолик доирасидаги мослама кўрсаткичи. Иккинчи томонда — қонуний тартибда олинган ва спирт йўқлигини кўрсатган лаборатория хулосаси. Судлар икки зиддиятли далилдан фақат ҳайдовчига қаршисини олган ва нега бундай қилинганини тушунтирмаган.
Бу ёндашув икки норматив талабга бевосита зид:
Олий суд Пленумининг 2024-йил 25-июндаги 19-сонли қарори (16–17-бандлар) — далилларга баҳо бериш ва қарорни асослаш талаби.
МЖтК 321-моддаси — иш бир томонлама кўрилган ва қарор фактик ҳолатларга мос келмаганда у бекор қилиниши лозим.
Апелляция инстансияси биринчи суд хатосини тузатиш ўрнига унга янгиларини қўшган: алоқаси йўқ норма қўлланган, эксперт сўзи бузиб берилган. Олий суд судяси эса бу ҳолатларни тафтиш ҳайъатида кўриш имконини ҳам бермаган. Натижада суд назорати тизими хатони тузатмаган, уни тасдиқлаб берган.
Минглаб ҳайдовчилар ҳар куни алкотестер текширувидан ўтади. Агар судлар реестрда йўқ мослама кўрсаткичини лаборатория хулосасидан устун қўйишда давом эца, ҳар қандай тасодифий хато инсон тақдирини ҳал қилади. Бу ерда суд холислигига бўлган ишонч хавф остида қолади.
Хулоса ва талаблар
Ишни кўришда қонун неча босқичда бузилган: далил йиғишда, унга баҳо беришда ва нормани қўллашда. Бундай шароитда чиқарилган қарорлар қонуний ва асосли деб ҳисобланиши мумкин эмас.
Ҳозир ариза Олий суд раисининг биринчи ўринбосарига йўлланган. Талаблар:
13-октябрдаги рад ажримини бекор қилиш.
Ишни тафтиш ҳайъатида холис қайта кўриш.
МЖтК 271-моддаси 1-бандига кўра иш юритишни тугатиш.
Суднинг вазифаси — айблов хулосасини тасдиқлаш эмас, ҳақиқатни аниқлаш. Бу ишда ҳақиқат расмий ҳужжатларда аллақачон ёзилган — уни фақат очиб ўқиш керак холос.
Муаллиф: адвокат Ш.Мавлонов




