Ўзбекистон

Тошкент нашриёт-матбаа техникуми директори ходимга босим ўтказганми? Мукофот пули берилмагани, ойлик қисқартирилиши ва ишдан кетиш талаби ҳақида шикоят

Akmal Eshonxonov25 кўришлар
Тошкент нашриёт-матбаа техникуми директори ходимга босим ўтказганми? Мукофот пули берилмагани, ойлик қисқартирилиши ва ишдан кетиш талаби ҳақида шикоят

Тошкент нашриёт-матбаа техникуми ходимларидан бири Ч.Б таҳририятга мурожаат қилиб, муассаса директори Нодира Тўйкулова томонидан унинг меҳнат фаолиятига тўсқинлик қилинаётгани, касбий шаъни ва қадр-қимматига салбий таъсир кўрсатувчи босимларга дуч келаётганини билдирди.

Мурожаатда келтирилишича, 2026-йил 12-март куни «Опен бюджет» лойиҳаси доирасида овоз йиғиш ишларига жалб қилинган. Ходимнинг таъкидлашича, директорнинг топшириғи асосида банклар ва мактабларга, шунингдек, техникумларга бориб овоз йиғиш билан шуғулланишга мажбур бўлган.

Шикоятчининг айтишича, унинг меҳнат таътили 2026-йил 20-июлдан 2-сентябрга қадар белгиланган бўлса-да, 15-августдан ишга чиқиши талаб қилинган. Бу борада унга телефон қўнғироқлари ва СМС-хабарлар юборилган.

Ходим сентябр ойида ишга қайтганида эса унга бошқа иш топиши ва ариза ёзиб кетиши кераклиги айтилганини билдирмоқда.

Мурожаатда қайд этилишича, 2026-йил сентябр ойида ходимга нисбатан сабабсиз равишда интизомий жазо — ҳайфсан қўлланилган, шунингдек, турли огоҳлантириш хатлари берилган.

Эътирозлар бу билан чекланмайди. Ходимнинг таъкидлашича, 1-октябр куни тўланиши лозим бўлган Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бериладиган мукофот пули унга ажратилмаган. Шу ойнинг ўзида ойлик иш ҳақини 30 фоизга қисқартириш ҳақида буйруқ чиқарилган.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, техникум директори шахсан иш хонасига кириб, фойдаланиш учун берилган компютер ва креслони олиб кетган. Ходим техникумнинг Телеграм гуруҳларидан ҳам чиқариб юборилганини айтмоқда.

Бу ҳолатда бир қатор саволлар юзага келади: ходимнинг меҳнат таътили давомида ишга чақирилиши қандай асосга эга бўлган? Унга нисбатан қўлланилган ҳайфсан ва огоҳлантиришлар қайси ҳолатлар билан асослантирилган? Иш ҳақини 30 фоизга камайтириш ҳақидаги буйруқ қонуний тартибда расмийлаштирилганми? Мукофот пули тўланмаслигига қандай асос кўрсатилган?

Шунингдек, «Опен бюджет» лойиҳаси доирасида таълим муассасаси ходимларининг овоз йиғиш ишларига жалб этилгани ҳақидаги иддаолар ҳам алоҳида ўрганишни талаб қилади.

ЭФФЕЦТ.УЗ таҳририяти Тошкент нашриёт-матбаа техникуми раҳбариятидан мазкур мурожаатда келтирилган ҳолатлар юзасидан расмий изоҳ беришни сўрайди. Хусусан, ходимга нисбатан интизомий жазо қўллаш, иш ҳақини қисқартириш, мукофот пули тўламаслик ва иш қуролларини олиб қўйиш бўйича қандай ҳужжатлар расмийлаштирилгани очиқланиши лозим.

Мазкур ҳолатлар юзасидан ваколатли меҳнат органлари ҳам текширув ўтказиб, ходимнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилган ёки бузилмаганига ҳуқуқий баҳо бериши муҳим. Таҳририят ушбу масала бўйича техникум раҳбарияти ва масъул ташкилотларнинг муносабатини эълон қилишга тайёр.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Тошкент нашриёт-матбаа техникуми директори ходимга босим ўтказганми? Мукофот пули берилмагани, ойлик қисқартирилиши ва ишдан кетиш талаби ҳақида шикоят | Effect.uz