Қурилиши кечикаётган уйлар, бажарилмаган шартномалар ва харидорларга қайтарилмаётган пуллар — кўчмас мулк бозоридаги муаммоларни яна бир бор кун тартибига олиб чиқди. Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эскроу ҳисобварақлари тизимини тезроқ жорий этиш зарурлигини таъкидламоқда.
Сўнгги кунларда айрим қурилиш компаниялари фаолияти, уй-жойларни топшириш муддатларининг бузилиши, харидорлар маблағларининг қайтарилмаслиги ва айрим қурилиш компаниялари раҳбарларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиши жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда.
Миллий қўмита ушбу ҳолатларга муносабат билдириб, уй-жой харид қилиш учун маблағ киритган фуқароларнинг на ваъда қилинган хонадонлар, на ўз пулларини қайтариб олиш имкониятисиз қолишига йўл қўймаслик кераклигини таъкидлади.
Қўмита маълумотига кўра, бундай муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган «Кўп квартирали уйлар ва бошқа кўчмас мулк обектларини улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси орқали эскроу ҳисобварақлари тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Ушбу механизмга кўра, харидорлар тўлаган маблағлар махсус банк ҳисобварақларида сақланади. Қурилиш компанияси эса бу пулларни фақат қонунда белгиланган шартлар бажарилганидан кейин олиши мумкин бўлади.
Бу орқали харидорлар маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш ва эҳтимолий фирибгарлик хавфини камайтириш кўзда тутилган.
Эскроу тизими қурилиш жараёни узлуксизлигини таъминлашга ҳам хизмат қилиши мумкин. Хусусан, лойиҳани амалга оширишда жиддий муаммолар юзага келса, бошқа қурилиш компаниясини тезкор жалб қилиш орқали обектни якунлаш имконияти назарда тутилмоқда.
Миллий қўмита фикрича, харидорлар маблағларининг ишончли ҳимояси, қурилиш компанияларининг шартномавий мажбуриятларни бажариши ва бозорда шаффоф рақобат муҳитини шакллантириш уй-жой қурилишининг асосий шартларидан бўлиши лозим.
Қўмита эскроу тизимини имкон қадар тезроқ жорий этишни қурилаётган уй-жойлар бозоридаги инқирозли ҳолатларнинг олдини олиш ва фуқаролар ишончини тиклаш учун зарур қадам сифатида баҳоламоқда.
Бироқ эскроу тизимининг самараси унинг қонунчиликда қандай белгилаб қўйилиши, маблағларни блоклаш ва қурилиш компанияларига ўтказиш шартлари, шунингдек, лойиҳа муаммога дуч келган тақдирда харидорлар ҳуқуқлари қандай кафолатланишига ҳам боғлиқ бўлади.




