Таълим ташкилотининг мурожаати асосида давлат аккредитацияси учун базавий йиғимнинг 25 фоизини қўллаш имконияти белгиланди.
Тегишли идоравий ҳужжат Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди.
Йиғимни камайтириш учун қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлиши керак:
1) Президент, Президент Администрацияси Раҳбари ёки Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларидаги топшириқларни бажариш учун таълим дастурларини давлат аккредитациясидан ўтказиш зарурати туғилса;
2) Амалдаги таълим дастурларининг камида 50 фоизи Ўзбекистонда тан олинадиган реестрга киритилган ташкилотлар томонидан аккредитациядан ўтказилган ва ушбу натижалардан фойдаланиб баҳолаш ишларини қисқартириш мумкин бўлса;
3) Махсус давлат аккредитациясини масофадан ўтказиш имкони бўлса;
4) Бир вақтда 10 та ёки ундан ортиқ таълим дастурини махсус давлат аккредитациясидан ўтказиш учун мурожаат қилинса;
5) Турдош дастурларнинг умумий моддий-техника базаси, кадрлари ёки бошқа инфратузилмасини такроран баҳолаш талаб этилмаслиги ҳисобига аккредитация ишлари ҳажми қисқарса.




