Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят Ички ишлар бош бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда қалбаки пул тайёрлаш ва муомалага киритиш билан шуғулланган шахслар жиноят устида қўлга олинди.
Хусусан, Ангрен шаҳрида яшовчи, 1993-й.т. фуқаро ўзининг 1997-й.т. таниши билан тил бириктирган ҳолда, шаҳардаги кўп қаватли уйлардан бирида жойлашган хонадонни ижарага олиб, қалбаки пул тайёрлашган.
Кўздан кечириш жараёнида ушбу манзилдан ярим тайёр ҳолатдаги 100 ва 200 минг сўмлик купюралардан иборат жами 79,8 млн сўм миқдоридаги қалбаки пул маблағлари, “ЕПСОН” русумли рангли принтер ва унинг бўёқлари, шунингдек, канцелярия жиҳозлари ашёвий далил сифатида олинди. Таъкидлаш лозим, мазкур шахслар муқаддам судланган бўлсаларда, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришмаган.
Ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 176-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.




