Жаҳон

Туркиянинг бебаҳо мероси: 100 та осори атиқа ўз юртига қайтарилди

Akmal Eshonxonov11 кўришлар
Туркиянинг бебаҳо мероси: 100 та осори атиқа ўз юртига қайтарилди

Туркия ўзининг бой маданий меросини асраб-авайлаш ҳамда ноқонуний равишда хорижга олиб чиқиб кетилган осори атиқаларни қайтариш борасида салмоқли ютуқларга эришмоқда. Яқинда АҚШдан Туркияга 100 та тарихий ашё қайтарилгани бунинг яна бир ёрқин далилидир. Истанбул археология музейларида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ушбу маданий мерос намуналарини жамоатчиликка тақдим этди ҳамда “Чиқиш йўли йўқ: Бубон” (“Но Вай Оут: Боубон”) кўргазмасини расман очиб берди.

Туркия Маданият ва туризм вазирлиги бошчилигида олиб борилаётган халқаро ҳуқуқий ва илмий-дипломатик саъй-ҳаракатлар натижасида сўнгги вақтларда Анадолунинг кўп асрлик тарихидан гувоҳлик берувчи кўплаб бебаҳо артефактлар ўз юртига қайтарилди. Хусусан, 2026-йил май ойида АҚШдаги ауксион уйларидан бири Анадолуга оид асарларни қўйганида, вазирлик зудлик билан тегишли чораларни кўрди. Манхеттен округи прокуратураси ҳамда АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигининг тергов хизмати (ҲСИ)га илмий маълумотлар ва тегишли ҳужжатлар тақдим этилиши натижасида ауксион савдоси тўхтатилиб, ушбу ашёларнинг Туркияга қайтарилиши таъминланди.

Тадбирда Манхеттен округи прокурори ўринбосари, ноқонуний савдога қарши курашиш бўлими раҳбари Метю Богданос ҳам иштирок этди. Сўзга чиққан вазир Меҳмет Нури Эрсой маданий мерос намуналарини қайтариш жараёнида Манхеттен округи прокуратураси, АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигининг тергов хизмати (ҲСИ), Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда мамлакатнинг Ню-Ёркдаги Бош консулхонаси муҳим ёрдам кўрсатганини таъкидлади. Шунингдек, у тарихий ёдгорликларни Туркияга хавфсиз етказиб бергани учун Туркиш Аирлинес авиакомпаниясига миннатдорлик билдирди.

“Бизнинг мақсадимиз тарихий ашёларни шунчаки бир кўргазма витринасидан бошқасига кўчириш эмас, балки уларни ўз тарихи ва мансуб бўлган маданий муҳити доирасида қайта баҳолашдан иборат”, - деди вазир. У Туркия маданий бойликларнинг ноқонуний савдосига қарши курашни бундан буён ҳам қатъият билан давом эттиришини таъкидлади.

Анадолуга оид 100 та дурдона асар

Туркияга қайтарилган маданий мерос намуналари орасида мамлакатнинг Марказий Қора денгиз минтақасидаги Токат вилоятининг Эрба туманидаги Ҳорозтепе ҳудудига оид 40 та тарихий ашё алоҳида ўрин тутади. Милоддан аввалги 2300-2000-йилларга оид ушбу тўплам маросимларда фойдаланилган мусиқа асбоблари, қурол-яроғлар ва металл идишлардан иборат бўлиб, Анадолуда илк бронза давридаёқ металлга ишлов бериш санъати юксак даражада ривожланганидан далолат беради. Қарийб 70 йил аввал талон-торож қилинган мазкур осори атиқаларни мамлакатга қайтаришга турли фан соҳаларига оид илмий ва тарихий далилларни комплекс ўрганиш натижасида эришилди.

Яна бир йирик тўплам Бурдур вилоятининг Дувер қишлоғига мансуб 44 та сопол безак плитасидан иборат. Милоддан аввалги ВИ асрга, яъни архаик даврга оид ушбу плиталар қадимий иншоотларнинг томларини ёпиш ва ташқи қисмларини қоплашда ишлатилган. Уларнинг нақшлари, тузилиши ва услубий хусусиятлари қиёсий жиҳатдан чуқур ўрганилиб, архив ҳужжатлари ҳамда коллексия қайдлари асосида келиб чиқиш тарихи синчковлик билан текширилди. Мазкур тўпламнинг бир қисми 2022-йилда АҚШдан, 2024-йилда Даниядан, 2025-йилда эса Виржиния тасвирий санъат музейидан қайтарилган эди. Лос-Анжелесдаги Ж. Пол Гетти музейида сақланган ашёларнинг ҳам қайтарилиши натижасида ушбу ноёб тўпламни қайта бирлаштириш жараёни якунланди.

Қайтарилган маданий мерос намуналари орасида Туркиянинг жануби-ғарбидаги Айдин вилоятида жойлашган қадимий Афродисиас шаҳрига оид портрет тасвири, шунингдек, театр ниқоблари ва маъбудалар ҳайкалчалари каби ноёб санъат асарлари ҳам бор.

Бубон ҳайкаллари ўнлаб йиллардан сўнг бир жойда жамланди

Кўргазмада Бурдур вилоятининг Гўлҳисар туманидаги Ибежик қишлоғи яқинида жойлашган қадимий Бубон шаҳридан талон-торож қилинган муҳташам бронза ҳайкаллар намойиш этилмоқда. Бу ҳайкаллар дастлаб Рим императорлари ва император оиласи аъзоларига бағишланган Себастеион ибодатхонасида топилган. Бироқ 1960-йилларда олиб борилган ноқонуний қазишмалар чоғида улар қисмларга ажратилиб, яширин равишда хорижга олиб чиқиб кетилган. Синчковлик билан ўтказилган текширувларда мутахассислар ҳайкалларнинг оёқ қисмлари ва тош пойдеворлари орасидаги туташув изларини ўзаро таққосладилар. Тупроқ таркиби ҳамда қўрғошин изотоплари таҳлили ҳам ушбу қисмларнинг бир-бирига тегишли эканини тасдиқлади.

Натижада, ўнлаб йиллар давомида турли мамлакатлар ва халқаро коллексияларга тарқалиб кетган ҳайкалларнинг бош, гавда ҳамда қўл-оёқ қисмлари кўргазма доирасида яна бир жойда жамланди. Улар орасида Рим императорлари Луций Вер, Септимий Север, Каракалла ва Марк Аврелий тасвирланган ҳайкаллар алоҳида ўрин тутади.

Ушбу маданий бойликларнинг Туркияга қайтарилиши илмий тадқиқотларга ҳам янги туртки берди. Шу муносабат билан, ҳозирги кунда турк археологлари Бурдур археология музейи мувофиқлигида Бубонда 2023-йилда қайта бошланган археологик қазиш ишларини давом эттирмоқдалар.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Туркиянинг бебаҳо мероси: 100 та осори атиқа ўз юртига қайтарилди | Effect.uz