Жаҳон

Самарқандда ШҲТ плюс экспертлар мулоқоти якунланди

Akmal Eshonxonov13 кўришлар
Самарқандда ШҲТ плюс экспертлар мулоқоти якунланди

24 та мамлакат ва 5 та халқаро ташкилот вакиллари иштирокида ўтган мулоқот якунида Қўшма коммюнике қабул қилинди.

2026-йил 6-ноябр куни Самарқанд шаҳрида «Рақамли трансформация даврида хавфсизлик: янги технологиялар ривожланишини ҳисобга олган ҳолда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш» мавзусида Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс биринчи экспертлар мулоқоти ўз ишини якунлади.

Тадбирда ШҲТга аъзо, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик давлатлар махсус хизматларининг 180 нафардан ортиқ вакили иштирок этди. Шунингдек, 24 та мамлакат ва 5 та халқаро ташкилотдан 33 та делегация қатнашди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мулоқот иштирокчиларига йўллаган мурожаатида ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ўта муҳим инфратузилмани ҳимоя қилиш ҳамда давлатларнинг бузғунчи таъсирларнинг янги шаклларига бардошлилигини ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Рақамли технологиялар тараққиёт учун кенг имкониятлар яратиши билан бирга, янги хавф-хатарларни ҳам келтириб чиқараётгани қайд этилди.

Мулоқот пленар мажлис шаклида ўтказилди. Унда миллий тажрибаларни ўрганиш, самарали ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш, рақамли маконда террорчилик фаолиятига чек қўйиш, экстремизм ва радикализм ғоялари тарқалишининг олдини олишга қаратилган таъсирчан воситаларни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.

Террорчилик тарғиботини тарқатиш, тарафдорларни ёллаш ва ноқонуний фаолиятни мувофиқлаштиришда сунъий интеллект, рақамли платформалар ҳамда бошқа технологик воситалардан фойдаланиш билан боғлиқ хавф-хатарларга алоҳида эътибор қаратилди.

Иштирокчилар «ШҲТ плюс» формати экспертлик ёндашувларини яқинлаштириш, амалий тажриба алмашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш учун очиқ майдон сифатида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.

Мулоқот якунида делегациялар раҳбарлари Қўшма коммюнике қабул қилдилар.

Ҳужжатда янги технологияларнинг террорчилик таҳдидларига таъсири бўйича тадқиқотлар ўтказиш, самарали профилактика тажрибалари шарҳларини тайёрлаш, шунингдек, муайян мавзуларга бағишланган семинарлар ва малака ошириш дастурларини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Самарқандда ШҲТ плюс экспертлар мулоқоти якунланди | Effect.uz