Қирғизистонда энергетик ичимликлар ишлаб чиқариш ва мамлакатга олиб киришни тақиқлаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Президент Садир Жапаров ҳукуматга ушбу таклифни бир ой ичида ўрганиш ва тегишли чораларни белгилашни топширди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, энергетик ичимликларни ҳаддан ташқари истеъмол қилиш инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши, қарамликни келтириб чиқариши ҳамда юрак-қон томир, қандли диабет ва буйрак касалликлари хавфини ошириши мумкин. Бу эса давлатнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги харажатларини кўпайтирмоқда.
Жапаров келтирган маълумотларга кўра, 2025-йилда Қирғизистонда энергетик ичимликлар истеъмоли 54,2 миллион литрни, яъни қарийб 129 миллион банкани ташкил этган. 2026-йилнинг биринчи ярмида эса истеъмол 36 миллион литрдан ошган.
Ўтган йили мамлакатда 25,3 миллион литр энергетик ичимлик ишлаб чиқарилган. Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатларидан 28,4 миллион литр, бошқа мамлакатлардан эса 1,2 миллион литр маҳсулот импорт қилинган.
Президентнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, энергетик ичимликлар ишлаб чиқариш ва импорт қилиш тақиқланса, давлат бюджети қарийб 1,5 миллиард сом солиқ тушумидан маҳрум бўлиши мумкин.
«Бироқ миллат, фуқаролар ва келажак авлодлар саломатлигини ҳеч қандай пул билан ўлчаб бўлмайди!» — деди Садир Жапаров.
Топшириққа мувофиқ, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси бир ой ичида энергетик ичимликлар ишлаб чиқариш ва импорт қилишни тақиқлаш масаласини кўриб чиқиши, олти ой ичида эса қонунчилик доирасида тегишли тартибга солувчи чораларни қабул қилиши керак.
Ҳозирча энергетик ичимликларга тақиқ жорий этилгани йўқ. Масала ҳукумат томонидан кўриб чиқилиши кутилмоқда.




