Туркия Маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой Истанбулда ўтказилган матбуот анжуманида мамлакат туризм соҳасининг 2026-йил учинчи чораги ва дастлабки тўққиз ойи якунларига оид натижаларни эълон қилди.
Январ-сентябр ойларида туризмдан олинган даромад ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,4 фоизга ошиб, 51,3 миллиард АҚШ долларига етди. Бу мамлакат тарихидаги тўққиз ойлик давр учун энг юқори кўрсаткичдир. Учинчи чоракнинг ўзида эса туризм даромади 5 фоизга ўсиб, рекорд даражадаги 25,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.
“Бу йил халқаро туризм жиддий синовларга дуч келди. Минтақамиздаги можаролар, ҳаво ҳудудидан фойдаланишга қўйилган чекловлар, энергия ресурслари ва авиачипталар нархининг ошиши саёҳатга чиқиш ҳақидаги қарорларга ҳам, авиакомпанияларнинг ташиш имкониятлари ва туроператорлар дастурларига ҳам таъсир кўрсатди. Ана шундай шароитда Туркия барқарорлик ороли сифатида ажралиб турди.
2018-йилдан буён туризм соҳасининг инқирозларга бардошлилигини ошириш учун изчил чоралар кўриб келинмоқда. Туркия туризмни тарғиб қилиш ва ривожлантириш агентлигини (ТГА) ташкил этиш орқали тарғибот ишларини узлуксиз ва тизимли йўлга қўйдик, сайёҳлар келадиган мамлакатлар доирасини кенгайтириб, туристик таклифларнинг турини кўпайтирдик. Шундай мураккаб йилда учинчи чорак ва дастлабки тўққиз ой якунлари бўйича тарихимиздаги энг юқори даромадга эришганимиз бу ёндашувнинг самарасини кўрсатади. Келгусида асосий бозорлардаги мавқеимизни сақлаб қолган ҳолда, катта салоҳиятга эга бозорларда, хусусан, Америка қитъаси мамлакатлари, Канада, Шарқий Осиё, Африка ва Океанияда фаолиятимизни янада жадаллаштирамиз”, - деди вазир Меҳмет Нури Эрсой.
Йилнинг дастлабки тўққиз ойида сайёҳларнинг ўртача қолиш муддати 0,3 фоизга узайиб, 10,34 кечани ташкил этди. Бир кечага тўғри келадиган ўртача харажат эса 4,6 фоизга ошиб, 107,7 АҚШ долларига етди. Шу даврда мамлакатга жами 49,1 миллион киши ташриф буюрди. Россия Федерацияси (5,70 миллион), Германия (5,17 миллион) ва Буюк Британия (3,20 миллион) Туркияга энг кўп сайёҳ ташриф буюрадиган уч етакчи мамлакат сифатидаги ўрнини сақлаб қолди.




