Ўзбекистон

Тошкентда реновацияга тушган мулк эгаларига Янги Тошкентдан компенсация берилиши мумкин

Akmal Eshonxonov32 кўришлар
Тошкентда реновацияга тушган мулк эгаларига Янги Тошкентдан компенсация берилиши мумкин

Тошкент шаҳрида «Тошкент инвест компанияси» АЖ иштирокида реновация лойиҳалари амалга оширилаётган ҳудудлардаги кўчмас мулк эгаларига Янги Тошкентда қурилаётган уйлардан хонадон шаклида компенсация беришга рухсат этилди. Бунда компенсация миқдори мулкнинг баҳоланган қийматидан 1,5 бараваргача бўлиши мумкин.

Бу тартиб Президентнинг 2026-йил 10-ноябрдаги «Янги Тошкент шаҳри ва ҳудудларда юқори мултипликатив самарага эга йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-243-сон фармонида белгиланган.

Ҳужжатга кўра, компенсация Тошкент шаҳрида реновация лойиҳалари амалга оширилаётган ҳудудлардаги жисмоний ва юридик шахсларга тегишли кўчмас мулк обектлари учун назарда тутилган. Яъни мулкдорларга Янги Тошкент ҳудудида қурилган уйлардан хонадонлар таклиф қилиниши мумкин.

Масалан, агар мулкнинг баҳоланган қиймати 1 миллиард сўмни ташкил эца, компенсация миқдори 1,5 миллиард сўмгача етиши мумкин. Бу маблағ хонадон шаклида қопланиши назарда тутилган.

Шу ўринда муҳим жиҳат: фармонда компенсация уйнинг аввалги майдонидан 1,5 баравар катта бўлиши шартлиги белгиланмаган. Яъни 50 квадрат метрлик хонадон эвазига албатта 75 квадрат метрли уй берилади, деган хулоса қилиш мумкин эмас. Асосий мезон — кўчмас мулкнинг баҳоланган қиймати.

Янги тартиб барча Тошкент аҳолисига эмас, балки «Тошкент инвест компанияси» АЖ иштирокида реновация лойиҳалари амалга оширилаётган ҳудудлардаги мулк эгаларига тааллуқли.

Фармон 2026-йил 11-ноябрдан кучга кирган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Тошкентда реновацияга тушган мулк эгаларига Янги Тошкентдан компенсация берилиши мумкин | Effect.uz