2026-йилнинг 1-январидан 1-октябрига қадар Ўзбекистонда киберфирибгарлик оқибатида фуқароларга 278,3 миллиард сўм моддий зарар етказилган. Бу ҳақда Марказий банк ИИВнинг «Цардблоцк» платформасида рўйхатга олинган ҳолатлар таҳлили асосида маълум қилди.
Қайд этилишича, тезкор чоралар натижасида 113,1 миллиард сўм маблағ блокланган.
Фирибгарликнинг энг кўп тарқалган турларидан бири зарарли дастурларни мобил қурилмаларга ўрнатиш бўлган. Бу орқали 18 830 та ҳолат қайд этилиб, фуқароларга 79,3 миллиард сўм зарар етказилган.
Шунингдек, фирибгарлар қўнғироғи таъсирида амалга оширилган 611 та ҳолатда 27,7 миллиард сўм, Телеграм аккаунтларини эгаллаб олиш билан боғлиқ 2 808 та ҳолатда эса 21,9 миллиард сўм зарар кўрилган.
Сохта трейдинг таклифлари орқали 1 044 та ҳолатда 15,1 миллиард сўм, пулни кўпайтириш ваъдасидаги молиявий пирамидалар орқали 1 086 та ҳолатда 14 миллиард сўм ўзлаштирилган. Онлайн харид учун олдиндан тўлов билан боғлиқ 3 571 та мурожаатда зарар 10,5 миллиард сўмни ташкил этган.
Бундан ташқари, фуқаролар номига онлайн кредит расмийлаштириш бўйича 130 та ҳолатда 10,6 миллиард сўм, ўйинлар учун тўлов билан боғлиқ 272 та ҳолатда эса 900 миллион сўм зарар қайд этилган. Фирибгарлик тури кўрсатилмаган 11 475 та мурожаат бўйича зарар миқдори 98,1 миллиард сўмга етган.
Марказий банк яна бир ҳолатга эътибор қаратди. Айрим фуқаролар банк ҳисобидан пул ечилганини кўриб, буни фирибгарлик деб баҳолаб, ички ишлар органларига мурожаат қилган. Бироқ текширувларда маблағлар кредит қарздорлиги бўйича автоматик ундирув — «автоундирув» орқали ечилгани аниқланган.
Бундай мурожаатлар 2 737 тани ташкил этиб, улар билан боғлиқ маблағ 7,6 миллиард сўм бўлган.
Ҳозирда фирибгарлик ҳолатлари бўйича ички ишлар органлари томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.




