Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси жорий йилнинг 10 ойида 5,4 млрд куб метр табиий газ қазиб чиқарган. Бу янгиланган режанинг 100 фоиз бажарилганини англатади.
Бироқ «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Абдуғани Сангиновнинг таъкидлашича, бу бошқарманинг мавжуд имкониятлари тўлиқ ишга солинганини англатмайди.
Шўртан бошқармасида 10 ойлик фаолият якунлари, конларнинг самарадорлиги ва қазиб чиқариш ҳажмини ошириш имкониятлари муҳокама қилинган йиғилишда шу масалага алоҳида эътибор қаратилган.

Маълум қилинишича, бошқармада йилига 7 млрд куб метр табиий газ, 270 минг тонна газ конденсати қазиб чиқариш ҳамда 180 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.
Жорий йилнинг январ–октябр ойларида 5,4 млрд куб метр газ қазиб чиқарилган. Шу даврда конларнинг маҳсулдорлигини сақлаш ва ошириш мақсадида 36 та геологик-техник тадбир амалга оширилган.
Шу билан бирга, бошқарув раиси топшириғи асосида ишчи гуруҳ конларни бевосита жойига чиқиб ўрганган. Ўрганишлар натижасида қазиб чиқариш ҳажмини ошириш ва мавжуд қудуқлар ҳамда технологик ускуналар самарадорлигини яхшилашга қаратилган қўшимча 82 та чора-тадбир ишлаб чиқилган.
Улар доирасида қудуқлар маҳсулдорлигини тиклаш, геологик-техник ишлар самарадорлигини ошириш, технологик жараёнларни барқарорлаштириш ва ишлаб чиқаришдаги йўқотишларни камайтириш кўзда тутилган.

Йиғилишда авариявий тўхташларнинг сабабларини чуқур таҳлил қилиш, муаммонинг оқибати билан эмас, балки уни келтириб чиқараётган омиллар билан ишлаш зарурлиги таъкидланган.
Масъулларга ускуналарнинг техник ҳолатини доимий назорат қилиш, профилактик таъмирлаш ишларини кучайтириш ва электр таъминотидаги узилишларнинг олдини олиш бўйича вазифалар берилган.
Бундан ташқари, маҳсулот таннархини пасайтириш, энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва ишлаб чиқариш харажатларини мақбуллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилган. 2027-йил учун бошқарма раҳбарияти ва ходимларининг асосий самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш бўйича топшириқлар берилган.

Абдуғани Сангинов ишлаб чиқаришда «ҳар бир куб метр газ муҳим» эканини таъкидлаб, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, ҳар бир қудуқ ва технологик қурилманинг самарали ишлашини таъминлаш ҳамда авариявий тўхталиш ва маҳсулот йўқотишларига йўл қўймаслик зарурлигини қайд этган.
Шу тариқа, 5,4 млрд куб метрлик амалдаги натижа билан бир қаторда, Шўртанда қазиб чиқариш ҳажмини яна ошириш учун 82 та қўшимча чора белгиланган.




