Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация ва протезлаш марказларига йўллашнинг янги тартиби жорий этилди. Эндиликда фуқаролар ушбу марказларга электрон навбат асосида йўлланади. Ариза топшириш, йўлланма расмийлаштириш ва реабилитация хизматлари бепул амалга оширилади.
Бу тартиб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2026-йил 13-ноябрда давлат рўйхатидан ўтказилган 3974-сонли қарори билан белгиланди. Ҳужжат 14-ноябрдан кучга кирган.
Янги тартибга кўра, ногиронлиги бўлган шахс ёки унинг қонуний вакили йўлланма олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари, ижтимоий ходимлар ёки бевосита оилавий шифокорга мурожаат қилиши мумкин.
Фуқаро реабилитация хизматини ҳудудий ёки Миллий реабилитация марказида олишни, шунингдек, амбулатор ёки стационар шаклни танлаш ҳуқуқига эга.
Мурожаат электрон тизимга киритилгандан сўнг, оилавий шифокор беш иш куни ичида тиббий кўрик ўтказади. Агар фуқарода белгиланган 569 та тиббий кўрсатмадан камида биттаси мавжуд бўлса ва 26 та қарши кўрсатмадан бирортаси аниқланмаса, унга электрон йўлланма расмийлаштирилади.
Навбат қандай шакллантирилади?
Йўлланма берилган фуқаро «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали электрон навбатга қўйилади. Навбат реабилитация марказларидаги бўш ўринлар ва қабул қилиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда автоматик шакллантирилади.
Ариза берувчи навбатдаги ҳолатини онлайн кузатиб бориши мумкин. Навбати келишидан 10 кун олдин эса унга СМС-хабарнома юборилади.
Реабилитация хизматларидан фойдаланиш даврийлиги ҳам белгиланган. Ногиронлик муддатига қараб, амбулатор хизматлардан йил давомида 2–3-марта, стационар хизматлардан эса 1–2-марта фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, амбулатор реабилитация бир ойгача, стационар реабилитация эса 12 кунгача давом этади. Муолажаларнинг аниқ ҳажми ва давомийлиги фуқаронинг соғлиғи ҳамда индивидуал эҳтиёжларига қараб белгиланади.
Агар фуқаро белгиланган кунда марказга бормаса, у электрон навбатнинг охирига ўтказилади. Йўлланмадан фойдаланиш рад этилган ёки белгиланган тартибда қайта келинмаган ҳолларда йўлланма бекор қилиниши мумкин. Бундай вазиятда фуқаро қайта мурожаат қилиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Йўлланма беришни рад этишга эса фақат белгиланган асослар — тиббий кўрсатмалар мавжуд эмаслиги, қарши кўрсатмалар аниқланиши ёки аризада нотўғри маълумотлар тақдим этилиши каби ҳолатлар сабаб бўлиши мумкин.
Ҳужжатда электрон навбатни шаффоф юритиш ва фуқароларни реабилитация хизматларига йўналтириш жараёнини тартибга солиш белгиланган.




