«Ўзбекнефтгаз» конларида газ ва конденсат қувурларига ноқонуний аралашув ҳамда маҳсулотларни талон-торож қилиш ҳолатларини тезкор аниқлайдиган янги назорат тизими жорий этилади.
Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Абдуғани Сангинов бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг Қашқадарёга ташрифи давомида маълум қилинди. Ишчи гуруҳ Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси тасарруфидаги «Каприн» конида олиб борилаётган ишлар билан танишган.

Маълум қилинишича, конда газ ва конденсат қувурларини рўхсациз очиш, уларга ноқонуний уланиш ва маҳсулотларни талон-торож қилишнинг олдини олиш мақсадида қувурлар бўйлаб махсус сезгир кабеллар ётқизилади.

Улар марказлашган сигнализация тизимига уланади. Тизим қувурларга ташқи таъсир кўрсатилгани ёки уларга ноқонуний аралашувга уринишни аниқлаб, хавфсизлик хизматларига тезкор сигнал юбориши керак.

Бошқарув раиси масъулларга мазкур тизимни жорий этиш, унинг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва кон инфратузилмасини доимий назорат қилиш бўйича топшириқ берган.
«Каприн» конидаги ишлаб чиқариш режалари ҳам кенгайтирилмоқда. 2026-йил август ойида геология-қидирув ишлари натижасида №1 қудуқдан газ олишга эришилган. Ҳозир ундан суткасига 598 минг куб метр табиий газ қазиб чиқарилмоқда.
Сентябр ойида бурғилаш ишлари бошланган №2 излов қудуғининг чуқурлиги ҳозирда 4093 метрга етган. Уни яқин кунларда синовдан ўтказиш режалаштирилган. 2027-йилда конда яна иккита янги қудуқ бурғилаш кўзда тутилган.

Шунингдек, конда газ йиғиш жойи, газни дастлабки тайёрлаш қурилмаси ва узунлиги 12 километр бўлган юқори босимли газ қувури қурилмоқда.
Абдуғани Сангинов янги қудуқлар ишга туширилиши билан улардан олинадиган газни қабул қилиш, тайёрлаш ва асосий тизимга узатиш имконияти ҳам тайёр бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Масъулларга бурғилаш ва қурилиш ишларини уйғунлаштириш, обектларни зарур материаллар билан ўз вақтида таъминлаш ҳамда газ қувурларини ётқизиш ва улашда хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилиш бўйича вазифалар юклатилган.




