«Ўзбекнефтгаз» АЖ Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси ҳудудида суюлтирилган газни сақлаш қувватини оширишни режалаштирмоқда.
Компания бошқарув раиси Абдуғани Сангинов суюлтирилган газ қуйиш омборида бўлиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва маҳсулотни истеъмолчиларга узлуксиз етказиб бериш масалаларини ўрганган.

Маълум қилинишича, бугун бошқарма ҳудудидаги корхоналарда бир суткада жами 950–1000 тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қуввати мавжуд.
Ўрганишлар давомида маҳсулотни сақлаш имкониятлари ва мавсумий талаб ошган даврда етарли захира шакллантириш масалаларига эътибор қаратилган.

Шу мақсадда омборнинг сақлаш қувватини кенгайтириш бўйича янги лойиҳа амалга оширилади. Унинг доирасида янги сиғим идишлари харид қилиниб, ўрнатилади. Натижада қўшимча 3000 тонна суюлтирилган газ сақлаш имконияти яратилади.
Ҳозирда маҳсулот захираси тахминан 4 кунга етади. Янги сиғимлар ишга туширилгандан сўнг захирани 5 кундан ортиқ муддат сақлаш имконияти пайдо бўлади.
Компаниянинг билдиришича, бу ишлаб чиқариш ва юклаш жараёнларини узлуксиз ташкил этиш ҳамда истеъмолчиларга суюлтирилган газ етказиб бериш барқарорлигини оширишга хизмат қилиши керак.

Шунингдек, маҳсулот ҳаракати, сақлаш ва юклаш жараёнларини назорат қилиш учун рақамли мониторинг тизимларини жорий этиш бўйича ҳам топшириқлар берилган.
Янги сиғимларни ўрнатишда зарур ускуналарни ўз вақтида етказиб бериш, қурилиш-монтаж ишларини ташкил этиш ҳамда ёнғин ва саноат хавфсизлиги талабларига риоя қилиш вазифалари белгиланган.




