Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида маҳалла раиси тадбиркорга фаолият юритиши учун бино ажратиб бериш ва ижара шартномасини расмийлаштиришни ваъда қилиб, 900 АҚШ доллари талаб қилганликда гумонланмоқда. У пулни олаётган вақтида қўлга олинган.
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 1988-йилда туғилган маҳалла раиси тадбиркорга туман ҳудудидаги бинодан жой ажратиб беришни ваъда қилган.
Ҳолат юзасидан ИИВ Тезкор қидирув департаментининг коррупсия ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Учтепа туман бўлими ходимлари ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.
Натижада маҳалла раиси 900 долларни олаётган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «г» банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.




