Тошкентнинг Учтепа ва Юнусобод туманларида кўчаларга ўрнатилган филтрланган ичимлик суви тарқатиш аппаратларини бузиб, ичидаги пулларни ўғирлаганликда гумонланаётган олти нафар фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ хабар берди.
Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда номаълум шахсларнинг ўғрилик содир этаётгани акс этган видеолар тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлган. Шаҳар ИИББ ушбу тасвирларни ўрганиб, воқеага алоқадор шахсларни аниқлаган.
Тезкор-қидирув тадбирлари давомида 2004-йилда туғилган Р.А., 2007-йилда туғилган И.С. ва М.Н., 2008-йилда туғилган А.Қ., 2010-йилда туғилган Н.Ғ. ҳамда 2011-йилда туғилган Р.О. ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда гумонланувчиларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги ҳам текширилмоқда. Тергов якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.




