Qorong‘i rejim
Жамият

Сурхондарёда юк машинасидан 1,2 тоннадан ортиқ прекурсор аниқланди

Akmal Eshonxonov48 кўришлар
Сурхондарёда юк машинасидан 1,2 тоннадан ортиқ прекурсор аниқланди

Сурхондарё вилоятида Қозоғистон фуқароси бошқарувидаги юк машинасидан 1 тонна 245,5 килограмм сирка кислотаси ангидриди топилди. Мазкур модда юк ҳужжатларида кўрсатилмаган.

Давлат хавфсизлик хизмати маълумотига кўра, ДХХнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси, Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамда божхона органлари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Унда Қозоғистондан Тожикистонга Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ҳаракатланаётган «Волво» русумли юк машинаси «Сариосиё» чегара божхона постида текширилган.

Текширувда транспорт воситасининг юкхонасидан 47 та полиетилен идишга жойланган, умумий оғирлиги 1 тонна 245,5 килограмм бўлган сирка кислотаси ангидриди аниқланган.

Маълум қилинишича, махсус рухсатнома асосида олиб ўтилиши лозим бўлган ушбу прекурсор юк ҳужжатларида қайд этилмаган.

Сирка кислотаси ангидриди саноатда қўлланиладиган кимёвий модда бўлиб, гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний тайёрлашда ҳам ишлатилиши мумкинлиги сабабли унинг муомаласи назорат қилинади.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Сурхондарёда юк машинасидан 1,2 тоннадан ортиқ прекурсор аниқланди | Effect.uz