Qorong‘i rejim
Жамият

Суд "Кокош" ва унинг дугоналари иши бўйича изоҳ берди

Akmal Eshonxonov1.1K кўришлар
Суд "Кокош" ва унинг дугоналари иши бўйича изоҳ берди

Тошкент шаҳар судлари блогер Комила Абдуқодирова, актриса Барчин Ғофурова ва "Рйян Свеет" номи билан танилган Ниҳола Ражабовага нисбатан чиқарилган ҳукм юзасидан муносабат билдирди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда "Кокош" тахаллуси билан танилган блогер Комила Абдуқодирова, актриса Барчин Ғофурова ва блогер Ниҳола Ражабова озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Тошкент шаҳар судлари баёнотида қайд этилишича, блогернинг жарроҳлик амалиёти билан боғлиқ можаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга етиб бормасидан аввал ижтимоий тармоқларда тарқалган ва жамоатчиликда шов-шувга сабаб бўлган. Судлар фикрича, кўпчилик воқеа юзасидан ҳали ҳуқуқий жараён бошланмасидан туриб хулоса чиқарган.

Баёнотда жарроҳлик амалиёти асоратлари оқибатида ўзига моддий ва маънавий зарар етказилган деб ҳисоблаган шахс ваколатли органларга қонуний тартибда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга экани таъкидланган. Бироқ масалани қонун тақиқлаган усуллар билан ҳал қилишга уриниш жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги айтилган.

"Блогер ва унинг хайрихоҳлари иккинчи йўлни танлагани кўринади ва бунинг аччиқ натижасини жамоатчилик кўриб, билиб турибди: улар туҳмат ва товламачилик жиноятларида айбдор деб топилди ва тегишли жазо тайинланди", — дейилади судлар изоҳида.

Шунингдек, суд ҳужжатининг қонунийлиги ва асослилиги алоҳида ҳуқуқий жараёнда кўриб чиқилиши қайд этилган. Биринчи инстансия судининг ҳукми апелляция инстансиясида бекор қилиниб, судланувчиларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангани одил судлов жараёнининг бир қисми экани таъкидланган.

Тошкент шаҳар судлари судланувчилар ҳам апелляция инстансияси ҳукмидан норози бўлса, белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга эканини эслатган.

Улашиш:

Ўхшаш янгиликлар

Суд "Кокош" ва унинг дугоналари иши бўйича изоҳ берди | Effect.uz