Бир хонадон. 7 миллион 407 минг сўмлик қарз. Мажбурий ижро бюроси ходимлари ва профилактика инспекторлари ўртасидаги тортишув. Орадан бир неча ҳафта ўтиб эса — жиноят иши, қамоқ эҳтиёт чораси ва яна бир кундан кейин озодлик.
Янгиҳаёт туманидаги ушбу воқеа турли талқинларга сабаб бўлмоқда. Энг муҳими, ишда бир-биридан фарқ қиладиган икки позиция бор.
Воқеа 2026-йил 3-октябр куни содир бўлган. Уч нафар МИБ давлат ижрочиси фуқаро М.А.дан 7 миллион 407 минг сўм қарзни ундириш учун унинг хонадонига борган. Иш материалларига кўра, эшик очилмаган. Хонадонда бўлган аёл эса 102 рақамига қўнғироқ қилиб, эшик мажбуран очилаётгани ҳақида хабар берган.
Шундан сўнг профилактика инспектори Я.Р. ва яна икки нафар ички ишлар ходими воқеа жойига келган. Ана шу ерда МИБ ва ИИБ ходимлари ўртасида тортишув юзага келган.
Тергов материалларида ИИБ ходимлари икки нафар МИБ давлат ижрочисига нисбатан жисмоний куч ишлатгани, уларнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилгани ҳамда уларни хизмат автомашинасида Янгиҳаёт тумани ИИБ биносига олиб боргани қайд этилган. Суд-тиббий экспертизасида эса икки нафар МИБ ходимида енгил тан жароҳатлари аниқланган.
Бироқ профилактика инспекторининг ҳимояси воқеани бошқача талқин қилмоқда. Адвокатнинг айтишича, инспекторлар 102 рақамига келиб тушган мурожаат бўйича воқеа жойига борган. Улар хонадонга мажбуран киришга йўл қўймаган. Хонадонда бўлган аёл эса ўша вақтда ёш боласи билан ёлғиз бўлгани ва қарздор ушбу уйда яшамаслигини билдирган.
12-ноябр куни Я.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари асосида гумонлов эълон қилиниб, суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Бироқ 13-ноябр куни жиноят иши ҳаракатдан тугатилиб, Я.Р. озод қилингани маълум бўлди. Шу билан бирга, ҳолат юзасидан маъмурий иш қўзғатилгани ҳақида хабарлар ҳам тарқалди.
Воқеа жамоатчилик эътиборидан ҳам четда қолмади. Сиёсатчи ва жамоатчилик вакили Расул Кушербаев профилактика инспекторлари — Я.Р. ва Қ.Ҳ.ни қўллаб-қувватлаб, уларнинг позициясини ҳам эшитиш зарурлигини таъкидлади. Кейинги муносабатида эса воқеани «пашшадан фил ясалиши»га ўхшатди.
Бироқ бу — Расул Кушербаевнинг шахсий позицияси. Уни иш бўйича суд томонидан тасдиқланган хулоса сифатида қабул қилиб бўлмайди.
Хўш, аслида нима бўлган?
Бу саволга бир томоннинг баёноти билан жавоб бериш қийин. МИБ ходимлари ва тергов материалларида келтирилган ҳолатлар билан бир қаторда профилактика инспектори, унинг ҳимояси, хонадонда бўлган аёл, маҳалла раиси ва бошқа гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам холис ўрганилиши керак.
Чунки бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришда асосий мезон — кимнинг гапи таъсирлироқ экани эмас. Воқеа қандай ҳужжатлаштирилгани, қандай далиллар мавжудлиги ва жиноят ишини тугатиш ҳақидаги қарор нималарга асослангани муҳим.
Шу сабабли ҳозирча «пашшадан фил ясалдими?» ёки аксинча, воқеага жиддий ҳуқуқбузарлик сифатида баҳо бериш керакми — деган савол очиқ қолмоқда.
ЭФФЕЦТ.УЗ ушбу ҳолат бўйича томонларнинг позициялари ва мавжуд ҳужжатларни ўрганишда давом этади.



